Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 18/09/2018 Содиқ Сафоев Мубашир Жавед Акбар билан учрашди
Содиқ Сафоев Мубашир Жавед Акбар билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоевнинг “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг бешинчи мажлисида иштирок этиш доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Ҳиндистон Ташқи ишлар давлат вазири Мубашир Жавед Акбар билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар беради.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг истиқболлари, шу жумладан жорий йил октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифини ташкил этишга доир масалалар муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дўстлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатлари илдам ривожланиб бораётганини таъкидлади. Кўп асрлик маданий ва савдо-иқтисодий алоқаларга, энг аввало, халқларимиз ўртасидаги чин дўстлик ришталарига асосланган Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари юксак даражадаги икки томонлама ҳамкорлик сифатида тавсифланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида қўшма тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, Ҳиндистонда Ўзбекистон Республикасининг маданият кунлари муваффақиятли ўтказилди. “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, барқарор тараққиётга хавф солувчи таҳдидларга қарши курашиш, икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни, транспорт-логистика ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун ўзига хос майдонга айланди.

Томонлар парламентлараро ҳамкорликни, шу жумладан парламентлараро дўстлик гуруҳлари йўналишида ҳам мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Ҳиндистон Республикаси Парламенти билан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳи ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Учрашув якунлари бўйича Мубашир Жавед Акбар Ўзбекистон ва Ҳиндистон қўшма тадбирларини муваффақиятли ўтказиш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёрлигини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг