Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Технологиялар 11/05/2017 “Skyline” компанияси IUT талабаларининг стартапларини қўллаб-қувватлайди
“Skyline” компанияси IUT талабаларининг стартапларини қўллаб-қувватлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ҳамда “Skyline” (“Lit-Tel” МЧЖ) компанияси ҳамкорликда университет талабаларининг стартап-лойиҳаларига кўмак берадиган Технологик марказни ташкил этишди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг март ойида IUT ҳамда “Skyline” ўртасида юқори малакали IT-мутахассисларни тайёрлаш ва уларни амалиётга жалб этиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.

Меморандум доирасида томонлар “IUT-Skyline” Технологик марказини ташкил этишди. Лойиҳа доирасида IUT ва “Skyline” Ўзбекистонда IT-саноатни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиришмоқда.

“Skyline” компаниясининг корпоратив алоқалар бўйича менежери Отабек Бобомуродов IUT талабалари учун тақдимот ўтказиб берди. Қайд этилдики, Технологик марказ талабаларнинг ғояларини реал ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашади. Жумладан, янги марказ мутахассис ва экспертларни жалб этган ҳолда талабаларнинг қизиқарли ҳамда истиқболли лойиҳаларини танлаб олади.

“Skyline” компанияси вакиллари қизиқарли стартап-лойиҳа муаллифларига ўз ғояларини амалга оширишларига кўмаклашади. Шунингдек, “Skyline” истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш масаласини ҳам кўриб чиқади.

Бундан ташқари, университет талабалари Ўзбекистоннинг IT-саноати бозорига киришни мўлжаллаётган “Skyline” компаниясининг дастурий маҳсулотлари ва бошқа ғояларини амалга оширишга жалб қилинадилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг