Ҳозирги вақтда участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатини тузиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Ҳар бир мамлакатнинг сайловга доир қонун ҳужжатлари ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Сайловчиларни рўйхатга олиш масаласи ҳам ана шундай жиҳатлардан биридир.
“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқига эгадирлар деб белгилаб қўйилган. Бу фуқароларнинг келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга бўлган муносабати, билими тури ва хусусиятидан қатъи назар уларнинг тенг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Халқаро амалиётда сайловчиларни рўйхатларга киритишнинг турли шаклларидан фойдаланилади. ЕХҲТ ДИИҲБнинг халқаро сайлов стандартлари ва сайловни кузатишга доир ҳужжатларига мувофиқ сайловчилар рўйхатларини тузишнинг икки хил тизими мавжуд. Биринчиси – рўйхатга киритишнинг фаол (хабардор қилувчи) тизими. Бунда фуқаролар ўзларини сайловчилар сифатида рўйхатларга киритилиши ҳақидаги илтимос билан мурожаат қилишлари лозим.
Иккинчи, яъни пассив тизимга кўра сайловчилар рўйхати аҳоли реестри ёки фуқаролар реестри ёхуд ҳисобга олишнинг бошқа шакллари асосида автоматик тарзда тузилади.
Сайловчиларнинг тўлиқ, очиқ-ошкора ва аниқ реестри таъминланса, у тизим ҳам, бу тизим ҳам мақбул тизимлар ҳисобланади.
Бизнинг миллий қонун ҳужжатларимиз халқаро нормалар билан эътироф этилган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритишнинг пассив тизимига, яъни мажбурий тизимига асосланади. Бироқ бу сайловчиларнинг сайловда иштирок этиши мажбурийлигини англатмайди. Зеро сайловчининг сайловда иштирок этиши унинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади. Фуқароларнинг сайловда иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги ихтиёрийдир. Айрим мамлакатларда сайловга келмаганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилганлигини ҳисобга олсак, бизнинг миллий сайлов қонунчилигимиз демократик принципларга нақадар мос келишини гувоҳи бўламиз.
Сайловчиларнинг аниқ ва тўғри рўйхатини тузиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБнинг халқаро сайлов стандартларида белгиланган талабларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2015 йил 3 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ тегишли ҳудудда яшовчи сайловчилар ҳақида маълумотлар олингандан сўнг участка сайлов комиссияси уйма-уй айланиб чиқиш орқали ҳокимликлардан олинган сайловчилар тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади. Участка сайлов комиссияси томонидан бундай тадбирнинг ўтказилиши сайловчилар рўйхатининг тўғри ва аниқ тузилишига кўмаклашиши шубҳасиз.
Бундай тизим амалиётда барча сайловчиларни қамраб олади, уларнинг хоҳиш-иродаси ифодаланишини таъминлайди, сайловни ўтказиш чоғида маълумотлар қалбакилаштирилишининг ва суистеъмол қилишнинг олдини олиш имконини беради. Ахир ҳар бир сайловчи шахсан ўзи овоз беради ва бошқа шахслар учун овоз бериши мумкин эмас. Сайловчи бюллетени рўйхатга киритилган сайловчига Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини ёки шахсини ва яшаш жойини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни кўрсатганда берилади. Ҳар бир сайловчи сайловчилар рўйхатидаги ўз фамилиясининг қаршисига имзо қўйиб, сайловчи бюллетенини олганлигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, сайловчилар рўйхатининг тузилиши кейинчалик овозларни аниқ ҳисоблаш ва сайловнинг ҳақиқийлиги ёки ҳақиқий эмаслигини, шунингдек умуман мамлакат ва округлар бўйлаб сайловчиларнинг аниқ сонини аниқлаш имконини беради. Маълумки, агар сайловда сайловчилар рўйхатларига киритилган сайловчиларнинг 33 (ўттиз уч) фоизидан камроқ қисми иштирок этса, сайлов ўтказилмаган деб ҳисобланади.
Сайловчилар бюллетенлари сонини аниқлашда ҳамда уларни округлар ва участкалар бўйича тақсимлашда рўйхатга киритилган сайловчилар сони ҳақидаги маълумотлар катта аҳамиятга эга.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, сайловчилар рўйхати, энг аввало, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсадида тузилади. Овоз бериш ҳуқуқига эга ҳар бир фуқаро рўйхатга киритилмаган бўлса, нотўғри киритилган бўлса участка сайлов комиссиясидан уни сайловчилар рўйхатига киритишни ёки рўйхатдан чиқариб юборишни талаб қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Шундан келиб чиққан ҳолда 2015 йил 29 декабрь куни сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди. Ушбу ўзгартишларга кўра овоз бериш қамоқда сақлаш жойларида ҳам ташкил этилиши мумкин. Бу фуқаролар ҳуқуқларининг амалиётда тўлиқ рўёбга чиқарилишига кўмаклашади. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ сайловчиларнинг рўйхатлари сайловдан ўн беш кун олдин, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторий ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловдан икки кун олдин ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилади.
Шуниси эътиборлики, фуқароларга участка сайлов комиссияси хонасида сайловчилар рўйхати билан танишиб чиқиш ва рўйхат тўғри тузилганлигини текшириш имконияти берилади.
Шунингдек ҳар бир фуқарога рўйхатда кўрсатилган ўзи ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ ноаниқликлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Бу масала бўйича аризалар участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Участка сайлов комиссияси аризани йигирма тўрт соат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиши, рўйхатга зарур тузатишлар киритиши ёхуд ариза берувчига унинг талаби рад этилганлиги ҳақидаги асосли қарорнинг нусхасини бериши шарт. Комиссия қарори устидан сайловдан уч кун аввал туман (шаҳар) судига шикоят қилиш мумкин. Туман (шаҳар) суди шикоятни йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқиши шарт. Туман (шаҳар) судининг қарори якуний қарор ҳисобланади. Суд қарорига мувофиқ сайловчилар рўйхатига участка сайлов комиссияси томонидан дарҳол тузатиш киритилади.
Демак, сайловчилар рўйхатини очиқ-ошкора тузиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган тартиб амалиётда фуқаролар хоҳиш-иродаси тўлиқ ифодаланишини таъминлабгина қолмай, балки мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.
Абдуманноб РАҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти