Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 22/11/2016 Сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчилари
Сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчилари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимиз сайловчиларининг ярмидан зиёди хотин-қизлардир. Шунинг учун уларнинг сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ва овоз бериши Ватан келажагини, истиқболдаги ривожланиш йўлини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда уларнинг сайловчи сифатидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида қизғин иш олиб борилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга доир тадбирлар дастури асосида сайловчи опа-сингилларимизнинг электорал фаоллигини оширишга Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” ҳам фаол киришган.

– Партиямиз аъзоларининг 92 минг нафардан зиёди, яъни 47,7 фоизи хотин-қизлардир, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раисининг хотин-қизлар ва ёшлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича ўринбосари Ф. Муҳаммеджонова. – Сафимиз янада кенгайиши йўлида фаол иш олиб бораяпмиз. Чунки бу бизга опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини сиёсий даражада илгари суришга ёрдам беради.

Биз аёлларнинг сайловда иштирокини, партияларга бўлган муносабатини доимий ўрганиб борамиз, уларнинг сиёсий ҳуқуқлари таъминланиши ҳолатини таҳлил қиламиз. Шу асосда тегишли чора-тадбирлар дастурини белгилаб олаяпмиз. Президент сайлови арафасида аёлларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган “Хотин-қизлар ва сиёсат”, “Хотин-қизлар фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг роли”, “Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларда етакчилик қобилиятларини шакллантиришнинг долзарб вазифалари”, “Миллий тикланиш ғояларини тарғибот ва ташвиқот қилишда аёлларнинг ўрни” мавзуларида семинар-тренинглар ўтказаяпмиз. Ушбу тадбирлар натижасида опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқлари билан янада чуқурроқ танишиш билан бир қаторда, Президент сайловида овоз беришнинг аҳамиятини теран англаб етишмоқда.

– Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ишбилармон хотин-қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари М. Акрамова. – Тадбиркор аёлларимиз ҳудудлар иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда. Улар нафақат иқтисодий, айни пайтда сиёсий фаол бўлиб бораяпти. Шу боис партиямиз электорати орасида опа-сингилларимиз сони тобора ўсмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси эълон қилиниши биланоқ биз сайловчи хотин-қизларнинг электорал фаоллигини янада ошириш тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Шу кунларда мамлакатимизнинг олис қишлоқ туманларида аёлларимиз билан учрашар эканмиз, уларнинг жамият ҳаётидаги мақомини изчил юксалтириш, сайлов қонунчилиги борасидаги билимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, уларнинг овоз беришда фаол қатнашишининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашмоқдамиз. Хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес ғоя ва ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар аёлларимиз ижтимоий-иқтисодий ва маиший турмуш шароитларини янада яхшилаш ҳамда уларнинг сиёсий фаоллигини юксалтиришга хизмат қилади. Бинобарин, ҳозирги кунда айнан ишбилармон, фаол опа-сингилларимиз мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг бевосита иштирокчилари ҳисобланишади.

– Бугун мамлакатимиз муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир арафасида турибди, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Г. Асатова. – Партиямиз сайлов кампаниясига фаол киришди ва сайловда муносиб иштирок этишни ният қилган. Айни кунда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди ташвиқоти олиб борилмоқда. Партиянинг “Аёллар қаноти” аҳолининг, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг сайловда фаоллигини оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бугунги кунда ЎзХДП сафида 201 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар бор. Биз уларнинг электорал фаоллигини юксалтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошираяпмиз. Шу кунларда жойлардаги бўлимларимиз томонидан маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида “ЎзХДП ғоялари ва Сайловолди дастурини ташвиқот қилишда аёлларнинг ўрни”, “Сайловолди ташвиқотида хотин-қизларнинг иштироки”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хотин-қизлар сайлов ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлаш” каби мавзуларда тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда партиямиз фаоллари хотин-қизларга миллий сайлов қонунчилиги қоидалари, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, овоз бериш, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, уларнинг сайловда иштирок этиши аҳамиятини тушунтиришмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, опа-сингилларимизнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, уларнинг фуқаролик фаоллиги ўсишига, жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, Ватанимиз келажагига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, улар 2016-йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишади.

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат қилиши, дам олиши ҳамда фарзандлари тарбиясига зарур шарт-шароитларни яратишдир, – дейди “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши Марказий аппарати аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Р. Урманова. – Бугунги кунда партиямиз аъзоларининг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Бу уларнинг фуқаролик фаоллигини оширишга йўналтирилган кенг кўламли ишларнинг ифодасидир. 2014-йилги парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар якунларига кўра, партиямизнинг икки нафар вакиласи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, 200 нафардан ортиғи эса халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайланди. Бундан ташқари, жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясида партия “Аёллар қаноти”нинг тўрт нафар фаоли ҳамда маҳаллий Кенгаш аёл депутати Наримон Умаровнинг ишончли вакилидир. Бундан ташқари, партиямиз кузатувчиларининг 47,4 фоизи “Аёллар қаноти” фаоллари бўлиб, улар 4-декабрь куни 9 мингдан ортиқ сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатишади. Биз партиямиз сафида опа-сингилларимиз сони янада кўпайиши йўлида барча саъй-ҳаракатларни ишга солганмиз. Зеро, бу партиямиз ғояларини, шу жумладан, хотин-қизларимиз манфаатлари ва нуқтаи назарларини давлат даражасида илгари суришда муҳим аҳамият касб этади.

Бугун мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” ўз атрофида минглаб опа-сингилларимизни бирлаштирган реал кучга айланди. Бу жамиятимизда хотин-қизларнинг мақомини, ҳуқуқий маданиятини ошириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган турли ғоя ва қарашлар, деганидир. Пировардида буларнинг барчаси опа-сингилларимизнинг 4-декабрь куни мамлакат келажаги учун овоз беришида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Зиёда АШУРОВА, «Халқ сўзи» мухбири.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг