Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 31/05/2016 Синов поезди Ангрен-Поп маршрути бўйича ўтди
Синов поезди Ангрен-Поп маршрути бўйича ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 27-май куни "Ангрен-Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясидаги "Қамчиқ" туннелида синов поезди Ангрендан Поп томонга олиб ўтилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” Матбуот хизмати хабар беради.

"Ангрен-Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясидаги "Қамчиқ" туннелида мамлакатимиз темир йўлчилари томонидан пўлат излар ётқизиш якунланди ва туннелнинг 11- километрида галдаги тарихий воқеа, яъни унинг иккала томонидан қўйиб келинаётган темир йўл релслари туташтирилди. Шу куни туннел орқали тепловоз ёрдамида синов поэзди Ангрендан Поп томонга олиб ўтилди”, - дея қайд этади компания матбуот хизмати.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013-йил 18-июнда қабул қилинган “Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг қурилишини ташкил қилиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори асосида, ўтган қисқа давр мобайнида "Ўзбекистон темир йўллари " АЖ томонидан тоғли худудда, мураккаб шароитларда узунлиги 123,1 километрлик янги электрлаштирилган темир йўл линияси ва ушбу лойиҳа доирасида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда 19,1 километрлик туннел қурилиши борасида самарали ишлар амалга оширилди.

Умумий қурилиш баҳоси 455 млн. АҚШ доллари бўлган ишларни Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси бажарди. Лойиҳанинг молиялаштириш баҳоси 1,2 млрд. АҚШ доллари бўлиб, Ўзбекистон томонининг ўз маблағлари ҳамда халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобига амалга оширилди.

Ўзбекистон Ангрен-Поп йўналиши бўйича поезд қатновини июль ойидан амалга оширмоқчи.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг