Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 21/07/2020 Шерзод Aсадов БМТ вакиллари билан учрашувлар ўтказди
Шерзод Aсадов БМТ вакиллари билан учрашувлар ўтказди

 

2020 йил 20 июль куни Вена шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шерзод Aсадов БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (ГМЖҚКБ) ижрочи директори Гада Вали, Aтом энергияси бўйича халқаро агентлик Бош директори Рафаэль Гросси ва БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти бош директори Ли Ёнг билан учрашувлар ўтказди.

 

БМТ вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларга ижобий баҳо бердилар. Мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес ва саноат секторини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш шароити ёмонлашувига йўл қўймаслик, шунингдек, COVID-19 пандемияси даврида жиноятчиликни олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.

 

Гада Вали коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганини олқишлади ва унинг фаолиятида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

 

Томонлар Ўзбекистон ва БМТ ГМЖҚКБ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. БМТ ГМЖҚКБ раҳбари ушбу агентлик ва БМТ ГМЖҚКБ ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолашни ва ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш ва лойиҳаларни тадбиқ этишга донорлик маблағларини йўналтириш мақсадида халқаро стандартларга мувофиқ республикада коррупцияга қарши кураш сиёсати ва стратегияларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича Концептуал қайднома тайёрлашни таклиф қилди.

 

Aтом энергияси бўйича халқаро агентлик томонидан Ўзбекистон ядровий инфратузилмасини ривожлантиришдаги муваффақиятли ҳамкорлик, хусусан, жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган республиканинг ядровий инфратузилмасини комплекс баҳолаш бўйича миссияга биргаликда тайёргарлик кўриш юқори баҳоланди.

 

Aгентлик раҳбари Рафаэль Гросси Ўзбекистон ядро дастурининг амалга оширишилиши жараёнидан жуда мамнунлигини ҳамда янги ядро давлатлари учун Ўзбекистон Aтом энергияси бўйича халқаро агентлик билан муносабатларни қуриш бўйича намуна эканлигини қайд этди.

 

Aтом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари техник кооперация лойиҳалари доирасида Ўзбекистон билан, хусусан Наманган онкологик диспансери, Республика эндокринология маркази, Самарқанд давлат университети ва Тошкент шаҳар онкология ва радиология маркази билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади.

 

БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти Ўзбекистонни минтақадаги улкан ресурс, иқтисодий ва инсоний салоҳиятга эга бўлган муҳим давлат сифатида кўради. Шу муносабат билан Ли Ёнг республикада мустаҳкам саноат инфратузилмаси, универсал ва барқарор саноатлаштиришни таъминлаш учун шароитлар яратилганлигини мамнуният билан қайд этди.

 

Бош директор коронавирус пандемиясидан зиён кўрган республика иқтисодиётининг айрим тармоқларини тиклаш учун БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти салоҳиятини жалб қилишга ёрдам беришга тайёрлигини изҳор этди.

 

Саноатнинг “тоза инновация” ва “яшил” технологиялар соҳасидаги аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди, бу эса барқарор саноат дизайни ва брендлаш воситаларини ривожлантириш учун шароит яратиши қайд этилди.

 

Бундан ташқари, ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган Ўзбекистон ва БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти  ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича Қўшма декларация ва 2020-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаларини тайёрлаш жараёни муҳокама қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг