Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 14/12/2017 Шавкат Мирзиёев ва Сооранбай Жээнбеков қатор ҳужжатларни имзоладилар
Шавкат Мирзиёев ва Сооранбай Жээнбеков қатор ҳужжатларни имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Сооранбай Жээнбеков Қўшма баёнотни имзоладилар. Бу ҳужжатда сиёсий, савдо-иқтисодий, сув-энергетика, маданий-гуманитар, транспорт ва коммуникация, ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларидаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ўз ифодасини топган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда 2018-2021 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги дастурни имзолади.

Божхона хизматлари ўртасида товарлар ва транспорт воситаларини ўтказишда божхона амалиётларининг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш, фавқулодда вазиятлар вазирликлари ўртасида 2018 йилда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, икки мамлакат фанлар академиялари ва касаба уюшмалари федерациялари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан Қирғизистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Ёшлар, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича давлат агентлиги ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар ўзаро англашув, очиқ ва самимий руҳда ўтгани, эришилган келишувлар халқларимиз манфаатига хизмат қилишини таъкидладилар.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президентининг биринчи ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Сооранбай Жээнбеков халқларимиз шундай келишувларга эришилишини кутганини ва ўзаро муносабатларимиз тарихига битиладиган бу эзгу ишга ҳисса қўшганидан мамнун эканини таъкидлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг