Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 09/11/2016 Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 8-ноябрь куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни ЎзЛиДеПнинг Самарқанд вилояти кенгаши раиси М.Холмуҳамедов очди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Самарқанд вилояти ҳам ҳар томонлама равнақ топмоқда. 2010-йилдан буён ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробар ўсган ва бу суръат изчил давом этмоқда. Вилоят иқтисодиёти таркибида саноатнинг улуши 2011-йилда 18 фоизни ташкил этган бўлса, 2016-йил якуни билан 23,8 фоизга етиши кутилмоқда. Кейинги беш йилда вилоятда 100 дан ортиқ янги қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилиб, уларнинг сони 259 тага етган. Мазкур корхоналар томонидан йилига 2,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Унда ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.

Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.

"Нуроний" жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими кенгаши раиси Ҳ.Нормуродов, шоира Х.Бобомуродова, меҳнат фахрийси А.Ҳошимов, Пайариқ туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси А.Шульга, Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Қ.Аҳмедов, Иштихон туманидаги 87-умумтаълим мактаби директори Ш.Умиров ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакатимизни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4-декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг