Шавкат Мирзиёев Ўмон билан дипломатлар учун визасиз режим жорий этиш бўйича келишувини тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги халқаро келишувни тасдиқлаш ҳақидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, давлат раҳбари дипломатик паспорт эгалари учун визасиз режим жорий этиш бўйича икки давлат ўртасидаги келишувни тасдиқлади.
Мазкур келишув 2024 йил 26 июнь куни Мaсқат шаҳрида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Ўмонга ташрифи давомида имзоланган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Ўмон томонини келишувнинг кучга кириши учун зарур ички тартиб-таомиллар якунлангани ҳақида хабардор қилиш, шунингдек, уни амалга ошириш учун масъул органни белгилаш вазифаси юклатилди.
Келишув кучга киргандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли идоралар уни ижро этиш юзасидан назоратни амалга оширади.
#Шавкат Мирзиёев