Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 27/01/2022 Шавкат Мирзиёев: Ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз
Шавкат Мирзиёев: Ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 январь куни Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

 

Бугун 35 миллиондан зиёд кўпмиллатли халқимиз ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва фаровон жамият қуришдек улуғ мақсадлар билан яшамоқда. Шундан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев ўтган йилги Президент сайловида “Инсон қадри учун”, “Давлат – инсон учун” деган ғояларни илгари сурган эди. Уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, аҳолининг фикр ва таклифлари асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.

Ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жорий йилги “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича давлат дастури лойиҳаси ҳам янги стратегиядан келиб чиқиб тайёрланган. Очиқ муҳокамалар жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклифлар олинган. Улар таснифланиб ва умумлаштирилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ ташаббуслар билан тўлдирилган.

Давлатимиз раҳбари халқимизга бундай фаоллиги, ислоҳотларга ишончи ва дахлдорлиги учун миннатдорлик билдирди.

– Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз. Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғиниѓа айлантириш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади, – деди Президент.

Тараққиёт стратегияси 7 та устувор йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат. Булар:

I. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

II. Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

III. Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;

IV. Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

V. Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;

VI. Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;

VII. Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбир кўзда тутилган.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари барча саъй-ҳаракатлар ва маблағлар ҳар бир маҳаллага аниқ етиб бориши, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Президентимиз 7 та устувор йўналишнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, энг муҳим жиҳатларини айтиб ўтди.

Хусусан, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, халқ билан мулоқот тизимини такомиллаштириш, ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Хотин-қизларнинг ўқиши ва ишлаши учун имкониятларни янада кенгайтириш орқали улар орасидаги ишсизликни 2 бараварга қисқартириш мумкинлиги айтилди.

Иккинчи йўналиш ҳақида сўз борар экан, “қонун устуворлиги индекси” юқори даражада бўлган давлатлар қаторидан жой олиш энг асосий вазифалардан экани таъкидланди. Шу мақсадда мулк ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш, маъмурий судлар ваколатларини кенгайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш бўйича янги тизим яратилади.

Йўлларда хавфсиз шароит яратиш, транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш учун ҳаракатларни бошқариш тўлиқ рақамлаштирилади, ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитиш кучайтирилади.

Давлатимиз раҳбари миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш йўналишининг аҳамиятига атрофлича тўхталди.

– Ҳеч кимга сир эмас – бугун жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифа, керак бўлса, масалаларнинг масаласи бўлиб турибди. Фақат барқарор иқтисодиётгина ижтимоий муаммоларни ҳал этиш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис стратегияда иқтисодиёт тармоқларини комплекс ва жадал ривожлантириш, замонавий иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 баравар кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 баравар қисқартириш режалаштирилган.

Илм-фан ва инновациялар, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш имконияти бор.

Шунингдек, келгуси беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш мўлжалланган.

– Энг қийини, бу улкан вазифаларни ҳамон давом этаётган пандемия ва глобал инқироз шароитида амалга оширишга тўғри келади. Бу биздан катта куч ва маблағ, мустаҳкам ирода ва қатъий интизомни, барча имкониятларни тўла сафарбар қилишни талаб этади, – деди давлат раҳбари.

Ижтимоий йўналишдаги асосий вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, келгуси беш йилда мактабларда қўшимча 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратилади ҳамда дарсликлар янгиланади. Давлат ва хусусий боғчаларни кўпайтириш орқали мактабгача таълим қамрови 80 фоизга етказилади.

Олий ўқув юртларининг нуфузли халқаро рейтингларга кириши, хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойи барпо этилиши ҳам муҳим вазифалардан.

Шунингдек, бирламчи тиббий хизматлар сифатини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, рақамли тиббиётни кенг жорий қилиш зарурлиги таъкидланди. Дори воситалари ва тиббий буюмлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар 3 баравар оширилиши белгиланди.

Маънавият соҳасига оид чора-тадбирлар муҳокама қилинар экан, 12 мингдан зиёд кутубхона имкониятларидан самарали фойдаланиш, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш муҳимлиги қайд этилди.

Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 33 фоизга етказиш, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш, фуқароларни хорижий тиллар ва касбга ўргатиш, хориждаги ватандошлар билан мулоқотни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Тараққиёт стратегиясидаги яна бир муҳим йўналиш – Ватанимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган.

Шу мақсадда Янги Ўзбекистон хавфсизлиги концепцияси қабул қилинади. Ахборот технологиялари билан боғлиқ хуружларнинг олдини олиш ва киберхавфсизликни таъминлаш тизими яратилади. Фавқулодда вазиятларни бошқариш тизими такомиллаштирилади. Ички ва ташқи молиявий оқимларни мониторинг қилиш ва бу билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган янги механизмлар жорий этилади.

Президентимиз тараққиёт стратегияси ва йиғилишдаги топшириқларга доир ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси ҳақида кенг жамоатчиликка ҳисобот бериб бориш талабини қўйди.

– Ҳамма ўзгаришларни, дастурларнинг амалдаги ижросини одамлар кундалик ҳаётида ҳар куни сезиши керак. Мана шу асосий мақсад, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Вазирлар Маҳкамасига Тараққиёт стратегияси ва жорий йилги Давлат дастури бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳокимликларга ҳудудий дастурларни ушбу ҳужжатлар билан уйғунлаштириб, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш вазифаси қўйилди.

– Ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз. Ҳаммамиз бир куч, бир қудрат бўлиб халқимизга хизмат қилишимиз керак, – деди Президентимиз.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг