Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Маданият 29/08/2017 “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
“Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Самарқанд шаҳрида 28 август куни “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу кунларда турли халқлар вакиллари ва маданиятлар учрашган манзил – Самарқандда қўшалоқ байрам шукуҳи кезмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами ва “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига кўрилган пухта тайёргарлик шаҳарга ўзгача файз ва чирой бахш этган. Сўлим боғ ва хиёбонлар, нурафшон кўчалар таровати, турфа гуллар ифори ҳар қандай кишига янада кўтаринкилик бағишлайди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган турфа одамлар чеҳрасидаги мамнунлик, ўзаро самимий муносабат Самарқандда катта байрам бошланаётганидан дарак беради.

...Бибихоним масжидида бир гуруҳ хорижлик меҳмонлар юрибди. Ранг-рўйи, тили, кийиниши ҳар хил. Лекин юз-кўзларида бир хил ифода: хотиржамлик, мамнунлик ва самимият. Улар “Шарқ тароналари”да иштирок этиш учун Ҳиндистон, Австралия, Германия ва Эквадордан келишган. Австралиянинг “Zulya and the children of the underground” жамоаси созандаси Колин Филлип Жоннинг айтишича, у бу ерга ҳали шаҳар тонг либосини киймасдан олдин келибди. Сабаби билан қизиқдик.

– Маҳаллий аҳоли қуёш нурлари дастлаб ушбу мадраса гумбазига тушади, Самарқандда тонг Бибихоним масжидидан бошланади, дейишди. Буни ўз кўзим билан кўрмоқ учун келдим. Жуда ажойиб манзара. Бунақасини бошқа жойда учратмайсиз. Неча асрлар аввал буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳам тонгни ҳозир биз турган жойда, ўз ёрига атаб қурдирган мана шу маҳобатли иморат пештоқига термулиб кузатган бўлса не ажаб! Ҳайратим чексиз. Бу афсонавий шаҳар ҳақида баъзи нарсаларни эшитгандим. Лекин бу ерда билганларим, кўрганларим бир олам. Эшитгандан кўра кўрган афзал, деганлари ростлигига яна бир бор амин бўлдим. Мамлакатингиз менда катта таасcурот қолдирди. “Шарқ тароналари” бутун дунё санъаткорларининг ўзига хос байрами. Унда иштирок этаётганимдан фахрланаман.

Санъат – одамларнинг орзу-ҳаваси, қувончу шодлиги, армон ва изтироблари, ички кечинмаларини ифода этадиган восита. Мусаввир, носиру шоир тасвирлаб беролмаган ҳис-туйғулар мусиқада бор бўй-басти билан намоён бўлади. Уни тушуниш, таъсирини ҳис қилиш учун таржимон шарт эмас. Мусиқа халқларни, турли миллат ва элатларни бир-бирига танитади, қалбан яқинлаштиради.

Бугун Самарқандга келган киши ана шундай байрамона, дўстона муҳитнинг гувоҳи бўлмоқда. Бу ерда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 20 йил аввал асос солинган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўн биринчи бор ўтказилмоқда.

Ҳар икки йилда ташкил этилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали жаҳон аҳлининг ўзаро маданий мулоқотга бўлган эҳтиёжини рўёбга чиқаришда беқиёс восита бўлиб хизмат қилаётир.

28 август, соат 19.10. Самарқанд, Регистон майдони.

Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари гулгун шафақ ёғдусида янада гўзал ва салобатли кўринади. Бетакрор амфитеатр ҳосил қилган бу муҳташам обидалар анжуманга ўзгача руҳ, улуғворлик бағишлаган. Майдон “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан гавжум. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Фестиваль иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.

Карнай-сурнай, ноғора садолари янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилади.

Давлатимиз раҳбари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур анжуманнинг чуқур инсонпарварлик руҳи ва фалсафаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни ривожлантириш, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль ишига муваффақият тилади.

Халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури бошланади. Майдон узра сеҳрли куй таралади. Оҳанг секин-аста бутун вужудингизга кириб боради. Бу оройишнинг қиёси йўқ. Мусиқа измидасиз. Сеҳрли оҳанг таъсирида илиқ хотиралар ёдга тушади, баъзан умрингиз бино бўлиб бормаган масканларни тасаввурингизда гавдалантиради. Бу куй сеҳри, оҳанг завқи, мусиқа қудратидир.

Дунё халқларини бирлаштирадиган бундай фестиваль нима учун айнан Самарқандда ўтказилади? Бу саволга тарихнинг ўзи инкор этиб бўлмайдиган мисоллар билан жавоб берган.

Манбаларда қайд этилишича, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги савдо-сотиқ, маданий алоқалар айнан Самарқанд орқали амалга оширилган. Бу шаҳар ана шу икки қитъани боғлаган Буюк ипак йўлининг маркази ҳисобланган. Шаҳар савдогарлари Хитой, Эрон, Миср, Ҳиндистон, Византия билан савдо-сотиқ қилган. Айнан шу ерда Мағриб ва Машриқ маданиятлари ўзаро туташган, бир-бирини бойитган. Шу боис Ғарбда – Рим, Шарқда – Самарқанд деган ибора пайдо бўлган. Бу икки шаҳар инсоният тақдирида буюк ўзгаришлар қилгани учун “Боқий шаҳар” номини олган.

Буюк аждодимиз Амир Темурнинг Мовароуннаҳрга ҳукмдор бўлиши Самарқанд тарихида янги саҳифа очган. Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида Самарқанд салтанат пойтахти сифатида Шарқнинг энг гўзал шаҳри бўлиш билан бирга, йирик иқтисодий, сиёсий, маданий марказга айланган.

Шаҳар қалъаси ичида икки муҳташам қаср – Кўксарой ва Бўстонсарой, ҳунармандлик устахоналари, савдо расталари, карвонсаройлар, шифохоналар ва бошқа маданий-маиший бинолар қурилган. Боғи Беҳишт, Боғи Дилкушо, Боғи Шамол, Боғи Баланд ва бошқа боғларнинг довруғи дунёга таралган. Бибихоним жомеъ масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Мирзо Улуғбек мадрасаси каби кўплаб машҳур меъморий обидалар ҳамон бутун дунёдан сайёҳларни ўзига мафтун этиб келмоқда.

Замонасининг улкан илмий марказларидан бири бўлган Самарқандда Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор Валий, Қозизода Румий, Али Қушчи, Шарафиддин Али Яздий, Давлатшоҳ Самарқандий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий сингари буюк аждодларимизнинг қадам излари бор. Не-не буюк давлат арбоблари, саркардалар, ижодкорлар бу шаҳри азимни зиёрат қилган.

...Ўзбек мумтоз ашулалари тизгинсиз хаёлларни тартибга солади, жозибадор рақслар кўнгилларга завқ-шавқ бағишлайди. Томошабинлар дилтортар ашулаларга жўр бўлиб, рақс тушади.

Юртимизда мусиқа санъати қадимдан ривожланган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур даврида ўтказилган мусиқий анжуманлар ҳақида ёзар экан, шундай қайд этади: “Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку уйғур, мўғул ва хитойу араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди”.

Бугун ҳам юртимизда ўз ҳофизи ё санъаткори бўлмаган қишлоқ ёки маҳаллани топиш қийин. Ҳар бир хонадонда дутор, дўмбира, доира каби чолғу асбобидан бирортасининг бўлиши ҳам халқимизнинг санъатни нечоғли қадрлашидан далолат беради. Халқимизнинг куй-қўшиққа, санъатга бундай меҳри, мусиқа маданияти оила муҳитида шаклланган ва ривожланган.

Мустақиллик йилларида миллий мусиқа санъатини чуқур ўрганиш ва янада ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шашмақом, Катта ашула, Аския инсониятнинг энг дурдона кашфиётлари сифатида ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон давлат консерваторияси, ўнлаб театр ва маданият саройлари, санъат йўналишидаги замонавий таълим муассасалари барпо этилди. Кўплаб кўрик-танлов ва фестиваллар ёш истеъдодларни кашф этиш, уларнинг маҳоратини ошириш ва янги марраларга руҳлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мамлакатимизда маданият ва санъатга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган юксак намунасидир.

– “Шарқ тароналари” фестивалини ҳар гал орзиқиб кутамиз, – дейди самарқандлик меҳнат фахрийси Тўлқин Аҳмаджонов. – Бу фестиваль дунё санъат аҳли байрами, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва тинчликсеварлиги рамзига айланди. “Шарқ тароналари” санъат воситасида барча халқларни дўстликка, ҳамжиҳатликка даъват этмоқда. Шунинг учун ҳам фестивални сайёрамизнинг барча қитъаларида биладилар, севадилар, кутадилар.

Фестивалнинг нуфузи ортиб, иштирокчилари географияси тобора кенгайиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, машҳур санъат намояндалари унда қатнашишни ўзлари учун шараф, деб билади. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга 60 га яқин давлат санъаткорлари ташриф буюрди. Фестиваль ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани ҳам анжуманнинг юксак мақом ва нуфузини кўрсатади.

Тўғри, ер юзида тан олинган ва кенг эътироф этилган ўнлаб халқаро мусиқа фестиваллари бор. Аммо улар орасида “Шарқ тароналари” алоҳида мавқега эга. Чунки бошқа халқаро миқёсдаги мусиқа фестиваллари санъатнинг муайян турига ихтисослашган. Яъни айримларида фақат қўшиқ куйланса, бошқасида мусиқа ижро этилади ёки рақс тушилади. “Шарқ тароналари” эса санъатнинг барча кўринишларини ўзида мужассам этган. Буни бошқа халқаро мусиқа фестиваллари қатнашчилари ҳам кенг эътироф этмоқда. Ушбу фестивалда дунёнинг барча қитъаларидан санъаткорлар қатнашаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

...Маросим авжида. Мумтоз ашулалар, фольклор намуналари, завқли рақслар дилларни жўштиради. Шўх куй-қўшиқлардан завқланган томошабинлар санъаткорларга жўр бўлади.

– “Шарқ тароналари” халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилаётгани билан дунёдаги энг нуфузли фестиваллар сирасига киради, – дейди Эквадорнинг “Chotаmadre” мусиқий жамоаси аъзоси Эдгар Эдуардо. – Ўн биринчи марта ўтказилаётган ушбу халқаро мусиқа фестивали жаҳоннинг турли минтақаларидан келган мусиқачилар, созандаю хонандаларни бир ерга жамлади. Барчага ўз маҳоратини намойиш этиш учун тенг имконият яратди. Ўзбекистонда бундай фестивалнинг ташкил этилгани таҳсинга лойиқ. “Шарқ тароналари” йирик халқаро тадбир сифатида анъана тусига киргани ҳам юртингизда маданият ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганидан яққол далолат беради.

Қадимий Самарқандга келган сайёҳлар муаззам шаҳарнинг юраги бўлмиш Регистон мажмуаси кўрку салобатига ҳайрат билан боқади. Унинг гўзаллигини соатлаб томоша қилади, сеҳрли оқшомларда тараладиган тароналарни сел бўлиб тинглайди...

"Шарқ тароналари" жаҳон халқлари миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни асраш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Санъат орқали халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, инсонларни эзгу ғоялар атрофида жипслаштириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Халқаро мусиқа фестивали қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, Самарқанд шаҳридаги қатор маданий-маърифий муассасалар, Оқдарё, Самарқанд, Пастдарғом, Жомбой туманларида ҳам концерт дастурлари намойиш этмоқда. Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, театрлар, маҳалла гузарлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида учрашувлар ўтказилмоқда.

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар Самарқанднинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилиш, она диёримизда етиштирилган турфа ноз-неъматлар билан тўла бозорларимизни кўриш, истиқлол йилларида халқимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган улкан ютуқ ва марралар, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш имкониятига эга бўлмоқда. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг