Сайловолди дастурида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун мамлакатимиз миқёсидаги қатор мақсадли дастурларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Хусусан Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 67 фоизни ташкил этаётгани, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида марказлашган ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжудлигини эътиборга оладиган бўлсак, келажакда қабул қилинадиган дастур нечоғли катта аҳамият касб этиши ойдинлашади. Ахир илгари Хоразм воҳасидаги мавжуд каналлар бежиз у ёки бу авлиёнинг номи билан боғланмаган. Хоразмликлар сув тиласанг, Сулаймондан тила, деган нақлни жуда яхши билишади. Чунки авлиё Сулаймонни Хонқанинг жануб томонидаги каналлар тармоғининг ҳомийси деб ҳисоблаганлар.
Табиий сув заҳиралари ниҳоятда чекланган мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу йўналишда ўтган даврда мамлакатимизда катта ишлар қилинган бўлса-да, айни пайтда аҳолимиз сони ўсиб, охирги 25 йилда 10 миллионга кўпайгани, ўнлаб янги-янги қиш¬лоқ ва шаҳарчалар пайдо бўлаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавжуд вазият бу борада кечиктирмасдан, самарали чоралар кўришни талаб этмоқда.
Қабул қилинадиган қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастури юқоридаги муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километрлик ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3 миллион 200 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради. Бу вазифаларни амалга ошириш учун Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш ҳамда Молия вазирлиги ҳузурида «Тоза сув» махсус жамғармасини тузиш кўзда тутилмоқда.
Халқимизда сувни севган сув келтирар, деган ҳикматли нақл бор. Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида одамларни ҳаётдан рози қилиш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодига овоз беришга чақирамиз.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати.