Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Спорт 10/10/2016 Сергей Бубка Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди
Сергей Бубка Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Афсонавий спортчи, лангарчўп билан сакраш мусобақаларида фаолияти давомида 35 маротаба жаҳон рекордларини ўрнатган, ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси вице-президенти ҳамда Украина Миллий олимпия қўмитаси президенти Сергей Бубка Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар беради.

Эътиборлиси бундан сал кам уч йил аввал пойтахтимизда бунёд этилаётган Миллий олимпия қўмитаси янги биносининг пойдеворига биринчи ғиштни айнан Сергей Назарович қўйиб берган эди. Бугунги кунда Тошкент кўркига кўрк кўшиб турган Миллий олимпия қўмитаси биносига Сергей Бубка Осиё енгил атлетика федерацияси вице-президенти Алексей Кондрат ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бош котиби Евгений Нуждинлар ҳамроҳлигида ташриф буюрди.

Мартабали меҳмонни Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимовлар кутиб олишди. Сергей Бубка бинони кўздан кечирар экан қисқа вақт мобайнида ана шундай улкан иншоотнинг қуриб битказилиши ва фойдаланишга топширилиши, қолаверса бу ерда нафақат Миллий олимпия қўмитаси, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг барпо этилишига юқори баҳо берди.

Яқин ўтмишнинг спорт афсонаси Миллий олимпия қўмитасида жойлашган кичик музей, мажлислар зали, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини кўздан кечирди. Бу ерда яратилган шароитларни кўриб ҳайратини яшира олмади ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини дунёнинг бошқа мамлакатларига ўрнак сифатида кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг музокаралар залида Сергей Бубка иккала томон ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашни таклиф қилди. Унга кўра Ўзбекистон ва Украина Миллий олимпия қўмиталари спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш, спорт тиббииёти масалаларида тажриба алмашиш фойдадан ҳоли бўлмаслигига алоҳида урғу берди.

Шунингдек суҳбат давомида Ўзбекистоннинг спорт салоҳиятига юқори баҳо берар экан Украина Миллий олимпия қўмитаси президенти юртимиз спортчиларининг XXXI ёзги Олимпия ўйинларида эришган натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу муваффақиятлар ўз ўзидан қўлга киритилмаганлиги, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов буюк инсон бўлганлиги ва спорт тараққиёти йўлида катта ишлар қилганлигини таъкидлаб ўтди. Рио-де-Жанейрода қўлга киритилган бу мувафақиятлар замирида энг аввало ана шу инсоннинг хизматлари ётганлигини таъкидлади.

Маълумки Ўзбекистон сўнгги йилларда спортнинг бир неча турлари бўйича йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилди. Бутунжаҳон енгил атлетика федерациясининг вице-президенти сифатида Сергей Назарович Ўзбекистон энди енгил атлетика бўйича ҳам турли ёш тоифалари бўйича Осиё чемпионатларини қабул қилишга тайёр эканлигини билдирди ва бу борада яқин орада мамлакатимизда спортнинг ушбу тури бўйича нуфузли халқаро мусобақа ўтказиш таклифини билдирди. Осиё енгил атлетика федерацияси вице-президенти Алексей Кондрат ҳам унинг таклифини қўллаб қувватлади.

Миллий олимпия қўмитасига қилган ташрифи якунида Сергей Бубка таклиф ва мулоҳазалар дафтарига ўзининг самимий тилакларини ёзиб қолдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси 2020-йилги Токио мезбонлик қиладиган навбатдаги Олиимпия ўйинларида ўз натижаларини бунданда яхшилай олишига ишонишини, бунинг учун серқуёш диёримизда барча шароитлар етарли эканлигини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан мартабали меҳмонга қўмита бош котиби Ойбек Касимов эсдалик совғаларини топширди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг