Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Сергели туманида жойлашган «Interlogistics» МЧЖ ҳудудидаги омборхонада содир бўлган ёнғин ва портлаш оқибатларини ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан ташкил этилган Ҳукумат комиссияси томонидан қуйидаги чоралар кўрилди:
Фавқулодда вазият оқибатида умумий жабрланганлар сони 163 нафарни ташкил этган бўлиб, уларнинг 150 нафари енгил ва 13 нафари оғир тан жароҳати олган. Бир нафар вояга етмаган фуқаро олган оғир тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Жароҳат олганларнинг 24 нафари шифохонага ётқизилиб, уларга тегишли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Қолган 138 нафари амбулатор даволанишга юборилган. Ҳозирда жароҳатланган барча фуқароларнинг саломатлиги тикланиб, уйига руҳсат берилган.
Аҳолининг муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида «1205» қисқа рақамли «Call-centеr» ташкил этилди. Марказга 450 дан ортиқ мурожаат келиб тушган ва барчаси ижобий ҳал қилинган.
400 та эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди ҳамда уларнинг 100 нафар вояга етмаган фарзандларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Фавқулодда вазият натижасида ҳудуддаги 305-сон умумтаълим мактаби (1250 ўринли) ва 600-сон боғчанинг (720 ўринли) дераза-ромлари, эшик ва фасад қисмига зарар етган.
Ҳозирда ушбу объектларга пудрат ташкилоти бириктирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Комплекс суд экспертиза, тергов ва суд жараёнлари якунлангач, аниқланган зарар миқдори айбдор деб топилган жавобгардан қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ундириб олинади.
Фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш жараёнида ёнғин бошланган жой ва портлаш ўчоғи металл ва «сэндвич» панеллардан қурилган омборда юз берганлиги аниқланди. Ёнғин ва портлаш оқибатида омборнинг металл конструкциялари деформацияга учраб, қулаб тушган.
Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлаб келинган.
Ҳодиса жойидан олинган намуналар асосида ўтказилган кимёвий тадқиқотлар натижасида полиэфирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксиди, этилен гликол ва юқори молекуляр карбон кислота эфирлари каби кимёвий моддалар мавжудлиги аниқланди.
Бу моддалар омборхонада сақланаётган водород пероксиди, алкид смоласи, алкилбензолсульфон кислотаси, латех, полиэфир смоласи, каустик сода моддалари ва лак маҳсулотларининг таркибий қисмлари бўлиб, ёнғин ва портлаш хавфи юқори ҳисобланади.
Ҳодиса жойи ўрганилганда айнан водород пероксиди сақланган жой яқинида гул қоғозлар ва бошқа ёнувчи материаллар сақлангани аниқланди.
Ўрганиш натижасига кўра, омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳодиса содир бўлган омборхона ҳудудида 12 та ижарачи компаниянинг катта миқдордаги турли хил номенклатурадаги товарлари сақланганлиги ҳамда жиноят иши доирасида мутахассислар томонидан бир нечта турдаги экспертиза тадқиқотлари (судга оид кимёвий, ёнғин-техник, портлаш, товаршунослик, қурилиш ва х.к.) ўтказилаётганлиги учун ёнғин ва портлаш сабаблари, шунингдек етказилган зарар миқдори бўйича якуний хулосага келиш муайян вақтни талаб этмоқда.
Бу каби нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан жойларда ишлаб чиқариш корхоналари ва омборларда сақланаётган кимёвий моддалар, тез ёнувчан ва портлаш хавфи юқори бўлган маҳсулотлар хатловдан ўтказилмоқда.
Дастлабки ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар томонидан келгусида шу каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Ҳолат юзасидан комплекс суд экспертиза хулосалари ва тергов натижаларига кўра якуний хулоса қилинади.