Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Сенатда Венгрия парламенти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Сенатда Венгрия парламенти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Сенатда Венгрия парламенти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Венгрия Миллий мажлиси Раиси ўринбосари Иштван Якаб бошчилигидаги Венгрия парламенти делегацияси билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани, икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ва ишончга асосланган самарали ҳамкорлик ривожланаётгани таъкидланди.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, қурилиш, фан, таълим, инновациялар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Транспорт ва логистика тизимини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш, инвестициявий ҳамкорлик ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Томонлар илмий муассасалар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва ёш олимлар ўртасида тажриба алмашиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Учрашувда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги мунтазам мулоқот ва делегациялар алмашинуви давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ҳамда икки томонлама муносабатларни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Томонлар қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларда иштирок этиш ва парламентлараро мулоқотни мазмунан бойитишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг