Учрашувда мамлакатимизда олиб борилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар бюджет жараёнини халқаро мезонлар ва стандартлар асосида ташкил этишни тақозо этаётгани таъкидланди.
Давлат ва жамоатчилик учун молиявий ҳисобот стандартларига (International Public Sector Accounting Standards, IPSAS) кўра мамлакатнинг давлат ва маҳаллий даражадаги бюджет жараёнлари тегишли тузилмаларга ва жамоатчиликка очиқ ҳамда тушунарли тарзда тақдим этиб борилиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда муҳим қадам бўлиб, мамлакатимизда бюджет жараёнлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда қўшма миссия аъзолари мамлакатимизда Давлат бюджети параметрлари ижроси устидан парламент назорати ҳамда қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан бюджет аудити назорати ҳақида батафсил хабардор этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда мазкур йўналишларда парламент назоратини амалга оширишнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ташқи аудит ўтказиш ва баҳолаш учун ҳар ҳисобот йилида 5 апрелга қадар юборади.
Учрашувда таъкидлаб ўтилганидек, жорий йилда Жаҳон банки ва Европа иттифоқининг қўшма миссияси давлат харажатлари ва молиявий ҳисобот / PEFA талаблари ҳамда стандартларига мувофиқ мамлакатимиздаги молия ва бюджет интизомини, бюджет ресурслари ва молиявий хизматларни тақсимлаш самарадорлигини баҳолайди ҳамда ўз тавсияларини тақдим этади.