Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 29/06/2018 Сенат “Медиация тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади
Сенат “Медиация тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

Сенаторлар “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатимиз суд тизимида иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Ушбу Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек, якка меҳнат низоларига, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Шуниси эътиборлики, ушбу Қонун медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан қўлланилмайди.

Қонунда медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкинлиги Қонунда назарда тутилган.

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин. Қонунда медиация тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги, махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши ҳам кўрсатилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг