Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг янги таъсирчан механизмларини жорий этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти ташкил этилди. Шунингдек, жорий йилнинг августида вакил фаолиятини тартибга солувчи қонуннинг кучга кириши мамлакатимизда бизнес муҳитини такомиллаштириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатловчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, соҳага оид қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш ҳамда ахборот-таҳлилий фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган ушбу Меморандум 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.