Валюта курслари 05/12/2024
$1 – 12813.04
UZS – -0.1%
€1 – 13457.54
UZS – -0.27%
₽1 – 122.60
UZS – 1.34%
Қидириш
Туризм 22/05/2019 Сайёҳлар ўзбек миллий таомларини тайёрлашни ўрганмоқда
Sayyohlar o'zbek milliy taomlarini tayyorlashni o'rganmoqda

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар туризмни ривожлантириш департаменти томонидан гастрономик туризмни кенг тарғиб қилиш мақсадида польшалик 52 нафар сайёҳ учун ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ташкил этилди.

Ўзбекистонга келган туристларни юртимизнинг қуёшли кунлари, гўзал табиати, тарихий масканлари, муқаддас қадамжолари, замонавий ва миллий архитектура обидалари, шунингдек, меҳмондўст халқимиз ва такрорланмас таъмга эга таомларимиз мафтун этади.

Ўзбекистоннинг турли манзилгоҳларида бўлган сайёҳлар албатта буни фотоларга муҳрлашади, турли ҳудудларга хос эсдалик совғаларини харид қилишади ва кўп ҳолларда миллий таомларимизни ўрганиш ниятлари борлигини маълум қилишади.

Гастрономик туризм айни шундай сайёҳлар учун мўлжалланган хизмат туридир. “Боғи эрам” дам олиш масканининг Мастер-класс марказида ўтказилган маҳорат дарсида польшалик туристлар ўзбек миллий таомларидан ош, шўрва, сомса ва турли салатларни маромига етказиб тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этишди. Тадбир давомида меҳмонлар ўзбек таомномаси ҳақида тўлиқ маълумот олишди ҳамда масаллиқларни танлаш, тайёрлаш, умуман пазандалик санъати бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлишди.

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар туризмни ривожлантириш департаменти мутахассислари польшалик сайёҳлар билан гастрономик туризмни янада ривожлантириш борасида фикр алмашишди.

Меҳмонлар учун уюштирилган маҳорат сабоқлари ва тақдим этилган совғалар уларга ҳамиша Ўзбекистонни эслатиб туриш билан бирга сайёҳларни яна ва яна Юртимизга, Тошкентга чорлаб туради.

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг