Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 01/11/2016 Сайловчиларнинг умумий сони 21,435 млн. нафарни ташкил қилади
Сайловчиларнинг умумий сони 21,435 млн. нафарни ташкил қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистондаги сайловчиларнинг умумий сони 21,435 млн. нафарни ташкил қилади. Бу ҳақидаги маълумот Братислава (Словакия Республикаси) шаҳрида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Маълумки, 2016-йилнинг 28-октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Садуллаевич Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳатамжон Абдурахмонович Кетмонов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Маджитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

Қайд этиш лозим, сайловчиларнинг умумий сони 21,435 млн. нафарни ташкил қилади, уларнинг ярми, яъни 10 825 641 нафарини аёллар ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9378 та, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкалари зарур алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус белгиланган жойларда яширин овоз бериш учун сайлов кабиналари, сайлов қутилари ўрнатилган.

Округ сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссиялари таркиблари шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинган. Комиссия аъзоларининг 69 фоизи илгари сайлов комиссияларининг фаолиятида бевосита иштирок этган ва муайян тажрибага эга инсонлардир. Участка сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар сони 47,4 фоизни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 26,7 фоизи хотин-қизлардир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг