Савдо-саноат палатаси ва Wildberries ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 17 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Wildberries’нинг Ўзбекистондаги директори Акмал Примқулов билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар Wildberries платформасида маҳаллий тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтириш, ўзбек маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш ва электрон тижоратни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Wildberries ўртасида электрон тижоратни ривожлантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилади:
Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини Wildberries платформаси орқали қўллаб-қувватлаш;
Бизнес учун семинар ва тренинглар ташкил этиш;
Палата кўмагида PRO Wildberries базасида таълим марказлари яратиш;
Онлайн-тижорат ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш;
Ўзбекистон тадбиркорларининг маҳсулотларини халқаро бозорларга илгари суриш.
Томонлар имзоланган меморандум Ўзбекистон маҳсулотларини халқаро бозорларга чиқариш учун янги имкониятлар яратиб, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.