Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 04/11/2016 Сарвар Отамуратовнинг Фарғона вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди
Сарвар Отамуратовнинг Фарғона вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 4-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Фарғона вилоятидаги сайловчилар ва кенг жамоатчик билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Учрашув Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видео конференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди.

Учрашувни ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши аъзоси Маъмуржон Атажонов очиб берар экан, мамлакатимизнинг эртанги куни, порлоқ келажагига масъуллик ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини, сайловлар эса одамларнинг юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини ифода этишини алоҳида эътироф этиб ўтди.

Шундан сўнг партиядан Президентликка номзоднинг Фарғона вилоятидаги ишончли вакили Умид Жабборов иштирокчиларга Сарвар Отамуратовни таништирди ва унинг таржимаи ҳолига тўхталиб ўтди.

С.Отамуратов сўзга чиқиб, сайловчиларни сайловолди Дастурида белгиланган вазифалар билан таништирди. Номзод таъкидлаганидек, сайловолди Дастур еттита устувор йўналишлардан иборат. Унда асосан маънавий-маърифий соҳада эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқимизнинг бетакрор ва улуғвор тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, унинг ютуқларини навқирон ва баркамол авлод орасида кенг тарғиб қилишга алоҳида урғу берилади.

Биз доимо миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият берганмиз ва бундан буён ҳам ушбу ҳаётий масалалар диққат марказимизда бўлади, - деди учрашувда Президентликка номзод С.Отамуратов.

Номзоднинг фикрича «Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ» тамойили асосида халқимиз тарихини холис ва тизимли ўрганиш, бу борада ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунини баҳолашда бир ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихининг бузиб, сохталаштириб талқин этилишига қарши курашиш миллий ўзликни англашнинг муҳим тамойилларидан биридир.

Кино, театр ва эстрада санъатида халқимизнинг бой ва бетакрор тарихи, маданияти, анъаналари ва илғор урф-одатларини таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этадиган асарларнинг яратилиши ёшлар онгини халқимизга ёт бўлган «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш, уларнинг қалби ва онгига миллий тикланиш ғоясини сингдириш, келажагимиз эгаларини миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Сарвар Отамуратов бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, республикамизнинг бошқа ҳудудлари каби Фарғона вилоятида ҳам маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Зеро, бугунги кунда Фарғона вилоятидаги мавжуд Фарғона санъат саройи, Юсуфжон Шакаржонов номли вилоят драмма театри, “Хамза” номли Қўқон драмма театри, вилоят рус драмма театри, вилоят миллий қўғирчоқ театри, Ал Фарғоний номли вилоят кутубхонаси ҳамда вилоят Ўлкашунослик музейи каби маънавият ўчоқларига ёшларни кенг жалб этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, дунёқарашини ўстириш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир, - деди Сарвар Отамуратов.

Шунингдек, Президентликка номзод давлат тили масаласини кўтарди. Дастурда тил миллатнинг энг олий қадриятидир деб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, қадимий ва бой тарихга эга бўлган, мустақиллик туфайли қадр-қиммати тикланган, ҳозирда кечаётган глобаллашув даврида замонавий тараққиётнинг барча соҳалари талабларига жавоб берадиган тилимиз ривожини янги босқичга кўтариш, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришиш, тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш зарур деб таъкидланди.

Мавжуд давлат ва сиёсий тизимни янада мустаҳкамлаш, миллий ғоя, жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий асослари устуворлигини таъминлаш, жамиятда ҳукм сураётган ва халқимизга хос бағрикенглик, миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи, барча фуқароларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш Дастурда илғор вазифалар қаторида туради.

Дунё бозорида рақобатбардош ҳамда миллий иқтисодиётимиз тимсолига айланадиган трансмиллий компанияларни шакллантириш, туризмни ривожлантириш ҳамда мамлакатимизнинг ишончли, сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳаларда масъулиятли шерик сифатида халқаро миқёсдаги имижини мустаҳкамлаш каби вазифалар ҳам Дастурда ўз аксини топган.

Номзод қайд этиб ўтганидек, бу мақсадларни амалга оширишда меҳнатсевар Фарғона халқи албатта, энг асосий куч ва ташаббускор бўлади.

Учрашувда иштирокчилар сўзга чиқиб, номзоднинг сайловолди Дастурига ўз муносабатларини билдирдилар. Улар томонидан билдирилган фикрларнинг хилма-хиллиги, сайловчилар ва номзод ўртасида савол-жавоб тарзида кечган музокараларнинг қизғинлиги одамларнинг номзод дастурига бефарқ эмаслигидан далолат беради.

ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши Ахборот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг