Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 01/06/2021 Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида халқаро доирада эришилган ютуқлар мавзусидаги матбуот анжумани
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида халқаро доирада эришилган ютуқлар мавзусидаги матбуот анжумани

Жорий йилнинг 1 июнь куни Миллий матбуот марказида, «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида халқаро доирада эришилган ютуқлар» мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Назорат профилактика фаолиятини таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Джураев Олимджон Азизович очиб берди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида махсус ваколатли давлат назорати бошқарув органидир.

Давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг 15 та қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 80 га яқин қарорлари билан юклатилган 400 га яқин функционал вазифалар асосида қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишларни амалга ошириб келмоқда.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг асосий вазифаларидан бири бу ўзининг тегишли йўналишларида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятига тааллуқли бўлган халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш ҳисобланади.

Давлат қўмитаси халқаро доирада минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро иш олиб бориб ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Жумладан, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг саноат хавфсизлиги кенгаши, Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги, Евроатом, Европа иттифоқи Комиссияси, «Росатом» давлат бирлашмаси, «Ростехнадзор» федерал хизмати каби ташкилотлар билан саноат радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида мустаҳкам  ҳамкорликлар ўрнатилган.

Шу қаторда Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг саноат хавфсизлиги кенгаши, Кимёвий ва бактериологик қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция, ҳамда Атом энергияси бўйича халқаро агентлигида аъзолик қилади.

2015 йилнинг 15 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Марказий Осиё учун кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар бўйича илғор тажриба марказларининг Минтақавий котибияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 275-сон қарори қабул қилинган бўлиб, қарорда Қўмита раисига Минтақавий котибиятга раҳбарлик қилиш юклатилди.

Европа Иттифоқининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар бўйича илғор тажриба марказларининг ташаббуси Европа Комиссияси томонидан молиялаштирилади ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноятлар ва адолатни ўрганиш бўйича минтақалараро институти  (UNICRI) ва Европа Комиссиясининг Қўшма тадқиқот маркази (JRC) билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ушбу ташаббус тегишли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, Европа Иттифоқининг аъзо давлатлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг  техник кўмаги билан миллий, минтақавий ва халқаро даражадаги изчил ва самарали ҳамкорлик орқали ишлаб чиқилган.

Ушбу ташаббусда дунёнинг саккиз котибиятидан бири Ўзбекистонда очилган бўлиб, Минтақанинг олтита давлатлари Афғонистон, Покистон Ислом Республикалари, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғилистон, ва Ўзбекистон Республикалари киради ва ҳозирги кунда умумий 8 та котибиятда61 давлат мазкур котибиятнинг иштирокчилари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 сентябрдаги “Халқаро шартномаларга қўшилиш тўғрисида”ги ПҚ-3951-сонли Қарорига асосан Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг Саноат хавфсизлиги кенгашида Ўзбекистон Республикаси номидан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатли давлат органи деб қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси 2017 йилдан 2020 йилга қадар кузатувчи сифатида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Саноат хавфсизлиги Кенгашида иштирок этди.  2020 йилдан бошлаб аъзо давлат сифатида иштирок этишни бошлади: жумладан:

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Саноат хавфсизлиги кенгаши 2017 йил Тожикистон Республикасининг Худжанд шаҳрида, 2018 йил Арманистон Республикасининг Цахкадзор шаҳрида ва 2019 йил Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳарларида йиғилишлар ўтказилган.

2017-2019 йилларда Кенгаш йиғилишларида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси кузатувчи сифатида иштирок этди.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари Саноат хавфсизлиги Кенгашининг 2020 йил 15-16 сентябрь кунларида XVIII- Кенгаш йиғилиши Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида коронавирус пандемияси сабабли онлайн тарзда жойлардан ўтказилди.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг саноат хавфсизлиги Кенгашига - Озарбайжон, Арманистон, Белорусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина, Ўзбекистон Республикалари ҳамда Россия Федерацияси давлатлари аъзодирлар.

Бўлиб ўтган йиғилишларда Саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан ҳамда авария ва бахтсиз ҳодисаларни олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилиниб давлатлараро тажриба алмашинувига эришилмоқда.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси халқаро йўналишда икки томонлама ҳамкорликка хам алоҳида эътибор қаратилиб, қўшни давлатлардан Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикаларининг тегишли масъул идоралари билан меморандумлар имзоланган.

Жумладан, 2018 йил 19 сентябрь куни Вена шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Россия Федерациясининг Экологик, технологик ва атом назорати бўйича федерал хизмати ўртасида ўзаро англашув Меморандуми;

2021 йил 11 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги экологик ва техник хавфсизлик бўйича давлат инспекцияси ўртасида ўзаро англашув Меморандумлари имзоланган.

Россия Федерацияси билан имзоланган Меморандум доирасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган чора тадбирлар режаси имзоланган бўлиб, унда соҳага оид семинарлар, учрашувлар, мутахассисларнинг ўзаро ташрифи каби тадбирлар режалаштирилган, шу ва бошқа маълумотлар Олимжон Джураевнинг маърузасида тингланди.

Шундан сўнг, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари – қўмита матбуот котиби Жумаев Маъруфжон Шарифжон ўғлига сўз навбати берилди.

Халқаро ва хорижий ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятига тааллуқли бўлган халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4058-сон Қарорига мувофиқ Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибида фаолият юритиб келмоқда.

Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ташкил этилганидан шу кунга қадар Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида 8 та миллий семинар ташкиллаштирилди ҳамда вазирлик ва идораларнинг 180 га яқин мутахассисларнинг хорижий давлатларда ташкиллаштирилган, ҳамда пандемия туфайли онлайн видеоалоқа тарзида ўтказилган семинар ва ўқув тадбирларида малака оширишлари таъминланди.

Ўзбекистон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан 1994 йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги томонидан имзоланган Техник ҳамкорлик тўғрисидаги қўшимча келишувга асосан МАГАТЭ билан ҳамкорлик доирасида ҳозирги кунга қадар 30 дан ортиқ миллий лойиҳалари амалга оширилди ва Ўзбекистонга 20 миллион евродан ортиқ молиявий ёрдам кўринишида махсус жиҳозлар, радиация ва ядровий хавфсизлик соҳасида кадрларни тайёрлаш, шунингдек фан, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда радиациявий хавфсизликни ошириш бўйича ёрдам кўрсатилди.

Хусусан, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш, тадқиқот ядровий реакторининг хавфсиз ишлаши ва метрологик жиҳозларни такомиллаштириш бўйича умумий қиймати 1,2 миллион еврога тенг бўлган тўртта миллий лойиҳа амалга оширилган бўлиб, булар:

-Радиация ва ядро хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институтида ВВР-СМ тадқиқот реакторидан фойдаланишни такомиллаштириш;

-Республика Эндокринология илмий маркази ядро тиббиёти бўлимини модернизациялаш;

-Иккиламчи стандартлар дозиметрия лабораториясини ташкил этиш;

-Наманган вилояти онкология диспансерида радиация терапиясини такомиллаштириш шулар жумласидандир.

Шунингдек, 2020-2021 йилларга Ўзбекистон учун МАГАТЭнинг техник ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 1 миллион евродан ортиқ бўлган қуйидаги 4 та миллий лойиҳалари тасдиқланган:

Ядровий фан ва технологиялардан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини салоҳиятни ошириш (188 360 евро);

Ядро физикаси институти илмий-тадқиқот реакторидан самарали фойдаланиш, ядровий хавфсизлигини ва эксплуатация қилиш характеристикалари самарадорлигини ошириш (330 525 евро);

Биринчи атом электростанцияси учун кадрлар салоҳиятини ошириш ва миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш (266 070 евро);

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиалида нурланиш терапияси сифатини яхшилаш (244 552 евро).

Шу билан бирга, ҳозирда 2022-2023 йиллар учун яна 4 та лойиҳа концепцияси тайёрланган бўлиб, улар МАГАТЭнинг мутасадди ходимлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Булардан ташқари хорижий давлатларнинг тегишли назорат органлари билан ҳам икки томонлама ҳамкорлик олиб борилмоқда. Жумладан:

2018 йилининг 19 сентябрь куни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Россия Федерациясининг Экологик, технологик ва атом назорати бўйича федерал хизмати - Ростехнадзор ўртасида Вена (Австрия)да ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди, ҳамда унга кўра тасдиқланган 2020-2021 йиллар учун тадбирлар режаси амалга оширилмоқда.

2020 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Норвегиянинг радиация ва ядро хавфсизлиги органи ўртасида атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишда ядровий ва радиациявий хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги англашув меморандуми, имзоланди.

Шу билан бирга Россия Федерациясининг Экологик, технологик ва атом назорати бўйича федерал хизмати ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишда ядро ва радиация хавфсизлигини тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги идоралараро Битим лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Беларусь Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўртасида атом энергиясидан фойдаланишда саноат, ядро ва радиация хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битим лойиҳаси тайёрланиб, мазкур битимлар имзоланиш арафасида.

Шунингдек ҳозирда Ҳиндистон атом энергетикасини тартибга солиш кенгаши ва Жанубий Корея ядровий хавфсизлик комиссияси билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми лойиҳалари тайёрланмоқда, шу каби масаллар ҳақида Жумаев Маъруфжон шарифжон ўғли ўз нутқида маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг, матбуот анжуманинг савол жавоб қисмига навбат берилди. Анжуман қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ташкилотчилар тадбирда қатнашганларга миннатдорчилик изҳор қилиб анжуманни якунладилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг