Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Спорт 27/09/2022 Самарқандда енгил атлетика бўйича Марказий Осиёнинг IV очиқ чемпионати якунланди
Самарқандда енгил атлетика бўйича Марказий Осиёнинг IV очиқ чемпионати якунланди

2022 йилнинг 24-25 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида енгил атлетика бўйича Марказий Осиёнинг IV очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб чиқди, бу жамоа 79 та медални (25 та олтин, 27 та кумуш ва 27 та бронза медали) қўлга киритган. Иккинчи ўринда Туркманистон (3 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медали), учинчи ўринда Қирғизистон (3 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медали) жойлашган. Халқаро мусобақалар доирасида енгил атлетиканинг 41 та йўналиши бўйича жами 56 та совринлар тўплами ўйналган эди.

Самарқанд биринчи марта енгил атлетика бўйича Марказий Осиёнинг очиқ чемпионати ўтказиладиган жой бўлган эди. Халқаро мусобақаларда 11 та давлатдан 300 дан ортиқ спортчи иштирок этди. Мусобақаларда иштирок этиш ҳар бир спортчига ўзининг шахсий натижаларини яхшилаш ва World Athletic рейтинг тизимидаги ўрнини ўзгартириш имкониятини берган.

Халқаро турнирни ўтказиш имконияти кўп жиҳатдан «Афросиаб Арена» спорт мажмуасининг спорт чемпионатига пухта тайёргарлик кўрганлиги туфайли амалга ошган эди. Ушбу бетакрор спорт мажмуаси 2004 йилда Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг топшириғига биноан республика даражасидаги «Универсиада-2004» талабалар спорт ўйинларини ўтказиш учун қурилган. Ушбу спорт мажмуасининг сиғими 15 минг томошабинларга мўлжалланган. 2022 йилда давлатимиз раҳбариятининг ташаббуси билан, World Athletics Бутунжаҳон енгил атлетика ассоциацияси талаблари асосида бу спорт мажмуасида тўлиқ реконструкция ишлари амалга оширилди.

«Чемпионатга тайёргарлик энг юқори савияда амалга оширилган. Спортчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш борасида жуда кўп саъй-ҳаракат қилган ташкилий қўмитага ташаккур билдиришимиз керак, – деб таъкидлади Марказий Осиё енгил атлетика федерациясининг раҳбари Дилшод Назаров, – Бундай даражадаги мусобақаларни ўтказишнинг энг муҳим мезонларидан бири югуриш йўлакчасининг сифати бўлиб, Самарқандда унинг параметрлари World Athletics уюшмасининг барча стандартларига жавоб беради».

Ушбу чемпионат ҳозирги мавсумдаги якуний чемпионат бўлишига қарамай, унинг натижалари енгил атлетика мухлисларини ҳайратда қолдириб, хурсанд қила олган эди.

Самарқандлик Шарифа Давронова учталик сакраш йўналишида 13,81 м натижа билан олтин медални қўлга киритиб, энг иқтидорли ўсмир даражасини тасдиқлади. Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Шарифа иккита – U18 ва U20 ёш тоифасида жаҳон етакчиси ҳисобланади. Эркаклар ўртасида учталик сакраш бўйича ҳам Ўзбекистон пешқадамликни сақлаб қолди – Ислом Сибагатуллин 15,65 м натижа кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллади.

Тўсиқлар билан 3000 метрга югуриш бўйича U18 ва U20 ёш тоифаларида Дилшода Усмонова Ўзбекистон бўйича янги рекордни ўрнатди, у ушбу масофани 10:40,43 вақт мобайнида югуриб ўтиб, ўзининг аввалги рекордини 0,06 сонияга яхшилади.

Аёллар ўртасида баландликка сакраш мусобақасида Барно Сайфуллаева биринчи ўринни эгаллади. Очиқ чемпионат доирасида у 1,83 м баландликка сакраб, ўзининг шахсий рекордини қайд этди, ва бугунги кунда у Осиё қитъасида ўзининг 18 ёшгача бўлган ўсмирлар тоифасида етакчи деб ҳисобланади. Эркаклар ўртасида баландликка сакраш йўналишида Амир Нагаев 2,13 м натижага эришиб, спорт устаси меъёрини бажариб, биринчи ўринни эгаллади.

Енгил атлетика бўйича IV Марказий Осиё очиқ чемпионатининг ўтказилиши 2023 йил баҳорида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида енгил атлетика бўйича V Осиё чемпионатига яхши тайёргарлик бўлди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг