Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Ўзбекистон 22/02/2016 Самарқандда аграр соҳа вакиллари иштирокида амалий мулоқот ўтказилди
Самарқандда аграр соҳа вакиллари иштирокида амалий мулоқот ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP дастурида қайд этилганидек, тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатининг ривожланиши қишлоқ тараққиёти ва фаровонлигига эришишнинг муҳим омилларидан бири саналади. Шу боисдан ёшларни аграр соҳага бўлган қизиқишларини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва фермерликка кенг жалб этиш, уларнинг қобилият ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида бир қатор лойиҳа ва кўрик-танловларни ҳаётга тадбиқ этиб келмоқда. Хусусан, партиянинг “Келажак фермери”, “Ёш фермер”, “Диплом билан бизнесга” каби бир қатор лойиҳалар шу мақсадларни ўзида мужассам этган.

O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши томонидан Самарқанд қишлоқ хўжалик инситутитида ташкил этилган “Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштиришда замонавий мутахассис кадрларнинг ўрни ва роли” мавзуидаги амалий мулоқотда мамлакатимизда фермер хўжаликларини ривожлантириш, янги ташкил этилаётган фермер хўжаликлари учун яратилаётган имтиёзлар, улар фаолиятини такомиллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш, айниқса, ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш, соҳага малакали мутахассислар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

- Бугунги ёшларн ғайрат-шижоати, янгиликларга интилиши, ўз ғоя ва ташаббусларига эгалиги барчамизни қувонтиради, – дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик инситути ректори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Тоштемир Останақулов. – Инситутнинг кўплаб талабалари фермерлик фаолиятини йўлга қўйган. Уларга зарур маслаҳат ва тавсиялар бериш, қўллаб-қувватлаш мақсадида тажрибали фермерлар, деҳқон ва чорвадорлар билан доимий учрашувлар ўтказамиз. Ҳам фермер, ҳам тадбиркор, ўз ишининг устаси бўлган фермерлар ва банк ходимлари берган маслаҳатлар талабалар учун жуда фойдали бўлди. Қишлоқ хўжалигида илмий тадқиқот ишларига таяниб қилинган меҳнат албатта ўз самарасини беради. Бугун тармоққа янги инновацион технологияларни жорий қилиш мўл ва баракали ҳосил олишда, ердан унумли фойдаланиб, мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабни қондиришда бош омил бўлаяпти. Инситут талабалари томонидан кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги, жумладан, агрономия, ветеринария, чорвачилик каби соҳаларда қатор илмий изланишлар олиб борилмоқда.

- Аграр соҳада олиб борган илмий изланишларим натижасида буғдойнинг жаҳон коллекцияси нав намуналаридан фойдаланган ҳолда суғориладиган ерлар учун дон ҳосили ва сифати юқори, сариқ занг касаллигига чидамли бўлган буғдойнинг “Жасмина”, “Фарбома” ва “Амира” навларини яратдим, - дейди Агрономия факультети талабаси, Беруний номидаги давлат степендияси совриндори Феруза Тошкентбоева. - Айни пайтда бўғдойнинг “Жасмина” нави Самарқанд ва Навоий вилоятларида истиқболли нав сифатида экиб келинмоқда. Буғдойнинг мазкур нави эрта пишар бўлиб, совуққа, қурғоқчиликга, занг, ун шудринг касаллигига чидамли, пишганда дони тўкилиб кетмайди, энг муҳими гектардан 70-80 центнер ҳосил олиш мумкин. Бугунги очиқ мулоқотда қишлоқ хўжалик соҳасининг малакали мутахассислари, фермерлар, биз талабаларни ўз фермер хўжаликларида амалга ошираётган ишлари, тажрибалари билан ўртоқлашиб, зарур маслаҳат ва тавсияларни беришди.

Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида 2015 йилда вилоятда 95 мингга яқин иш ўрни ташкил қилинган бўлса, шундан 80 мингтаси қишлоқ жойларда яратилди. Шунингдек, 11 мингдан ортиқ янги фермер хўжалиги ташкил этилди.

Тижорат банклари томонидан ёшларга ўз бизнесини ташкил қилиш учун 34,6 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. Жорий йилда эса 45 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилиши режалаштирилган.

Тадбир қатнашчилари томонидан эътироф этилганидек, фермерларнинг юқори натижаларга эришиши қишлоқ аҳолисининг даромади ошишига, юртимизда сифатли ва мўл-кўл озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг