Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 25/01/2016 Самарқанд вилоятида тадбиркорларга 972 млрд. сўмлик банк кредитлари ажратилди
Самарқанд вилоятида тадбиркорларга 972 млрд. сўмлик банк кредитлари ажратилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Самарқанд вилоятида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,5 фоиз ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,8, чакана товар айланмаси 14,8, қурилиш-пудрат ишлари 12,4, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 7,3 фоизга кўпайди.

Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 77,9 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида уларга 972 миллиард сўмлик банк кредитлари ажратилди. Айни пайтда вилоятда банд аҳолининг 84,1 фоизи ушбу тармоқда меҳнат қилмоқда. Умуман, бандлик дастури доирасида йил давомида 94 минг 639, жумладан, қишлоқ жойларда 80 мингта янги иш ўрни яратилди.

Маҳаллий, чет эл инвестициялари ва кредит маблағларини жалб этиш ҳисобига 2015 йилда вилоятда 471 саноат корхонаси ишга туширилиб, 12,5 мингта янги иш ўрни ташкил этилди. 52 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун 54,6 миллион доллар жалб этилди. Натижада 5,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида 2015 йилда пахтачиликда ўртача ҳосилдорлик 24,3 центнерни ташкил этиб, пахтачиликнинг ўзидан 223 миллиард сўмдан ортиқ даромад олинди. Ғаллачиликда суғориладиган майдонлардаги ҳосилдорлик 62 центнерни ташкил этиб, 2005 йилга нисбатан 8,6 центнерга кўпайди. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик тармоқларида ҳам изчил ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Бугун вилоятда юртимиздаги энг кўп – 7 минг 968 гектар интенсив боғлар мавжуд. 2015 йилда 1 минг 968 гектар майдонда шундай боғлар барпо этилди.

112 аҳоли пунктида ичимлик суви объектлари қурилиши учун давлат бюджети ҳисобидан 8,6 миллиард сўммаблағ ажратилиб, 76,2 километр сув тармоғи, 62 резервуар ва сув минораси, қудуқлар қазилди. Бу 78,1 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини берди.

Ҳисобот даврида 36 километр халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди, қишлоқ жойлардаги 74,9 километр хўжаликлараро йўллар таъмирланди. Намунавий лойиҳалар асосида 1 минг 235 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил этилди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, енгил саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, хорижий инвестициялар иштирокида корхоналар ташкил этиш ва маҳсулот экспортини кўпайтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш борасида мавжуд имконият ва салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётгани қайд этилди. Вилоят бўйича дебитор ва кредитор қарздорликнинг ошиб бораётгани ҳам кескин танқид қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

2016 йил режаларини амалга оширишда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг