Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 22/05/2019 Саида Мирзиёева: вазирлик ва идоралар матбуот хизматларининг фаолияти афсуски, суст
Saida Mirziyoyeva: vazirlik va idoralar matbuot xizmatlarining faoliyati afsuski, sust

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятига доир фикрларини баён қилди.

"Бу мавзу журналистлар томонидан тез-тез кўтарилмоқда ва ахборот соҳаси учун муҳим аҳамиятга эга. Мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари ва хорижий амалиётни ўрганиб, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари матбуот хизматларининг фаолияти, афсуски, суст даражада қолаётганини қайд этишга мажбурмиз", дея ёзади Саида Мирзиёева.

Шунингдек, Матбуот хизматларининг иши сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида мамлакатимиз аҳолисининг ислоҳотлар бориши тўғрисида хабардорлиги паст, уларни етарли даражада идрок этмаяпти ҳамда Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англамаётгани таъкидланади.

"Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда.

Оқибатда, бундай вазият текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда, улар кенг тарқалиб, матбуот хизматлари томонидан муносабатсиз қолдирилган бир шароитда аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозилик келтириб чиқариши мумкин.

Вазият матбуот хизматлари кадрлар салоҳияти чеклангани, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши ва ходимлари малакаси даражаси пастлиги билан янада кескинлашмоқда.

Кўриб турганингиздек, олдимизда турган муаммо жиддий ва кенг қамровли. Ўйлайманки, бу амалдаги ҳужжатларга қўшимча равишда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этади.

Хусусан, матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, мунтазам равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш лозим ва ҳоказо.

Биз бу борадаги ишларни бошлаганмиз. Жумладан, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилган", дея фикрини давом эттирган С.Мирзиёева

Бундай чора-тадбирларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ахборот соҳасини ривожлантириш учун шароитлар яратишга, шунингдек, энг муҳими, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот асосларини салмоқли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг