Россиянинг Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми 15% га ошди
Россиянинг Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми 15% га ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил якунларига кўра, Россиянинг Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми 15 фоизга ўсиб, 6,48 миллиард кубометрга етди. Бу ҳақда «Газпром» компаниясининг йиллик ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йилда етказиб бериш ҳажми 5,64 миллиард кубометрни ташкил этган. Шу тариқа, бир йил ичида газ узатиш ҳажми қарийб 840 миллион кубометрга кўпайган.
Компания маълум қилишича, ўсиш Қозоғистон ҳудуди орқали реверс режимида фойдаланилаётган «Марказий Осиё — Марказ» магистрал газ қувури орқали етказиб бериш ҳажмининг оширилиши ҳисобига таъминланган. 2025 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонга газ етказиб бериш максимал техник қувват даражасида амалга оширилган.
Аввалроқ «Газпром» 2025 йил якунларига кўра Россия газини Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга етказиб бериш ҳажми 22,2 фоизга ошганини маълум қилган эди. Шунингдек, Грузияга газ экспорти 40,4 фоизга ўсгани қайд этилган.
Ўзбекистон 2023 йил июнь ойида «Газпром» билан табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган, амалдаги етказиб бериш эса шу йилнинг октябрь ойида бошланган.
2025 йил октябрь ойида Россия томони шартнома ижроси давом этаётганини маълум қилди. Ҳужжатга кўра, йилига 7,7 миллиард кубометр газ етказиб бериш кўзда тутилган бўлиб, келгусида ҳажмларни янада ошириш имкониятлари ҳам қайд этилган.
2024 йил июнь ойида «Газпром» Қирғизистонга газ етказиб бериш бўйича келишувлар, шунингдек Россия газини Ўзбекистон ва Қирғизистон йўналишида транзит қилиш бўйича Қозоғистон билан 2040 йилгача амал қиладиган келишувларни имзолаган.
Бундан ташқари, 2024 йил февраль ойида Ўзбекистон магистрал газ транспорт тизимини модернизация қилиш режалари ҳақида хабар берилган.
Лойиҳани амалга ошириш Россиядан газ импортини суткасига 9 миллион кубометрдан 32 миллион кубометргача ошириш имконини бериши кутилмоқда.