Россия бозорида Ўзбекистон чарм саноати маҳсулотлари учун янги имкониятлар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Fashion Style Russia” халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон чарм саноати корхоналари Россиянинг «Tavro» ва «Markо» компаниялари билан тайёр чарм маҳсулотларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борди.
Иваново шаҳридаги «Шивейтеквс» МЧЖ билан эса саноат учун зарур қўлқопларни етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. Дастлабки босқичда 1 миллион дона қўлқоп Россия бозорига етказиб берилади.
Шунингдек, Россия текстиль ва энгил саноат уюшмаси билан ўтказилган мулоқотда икки давлат ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган чарм саноати маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш бўйича ташаббуслар кўриб чиқилди.
Россиянинг «Regger» компанияси маҳаллий "San One" фирмаси билан тайёр пойабзал маҳсулотларини харид қилиш бўйича учрашув ўтказди. Мулоқотда Ўзбекистон компанияси учун истиқболли бозор эканлиги таъкидланди.
Хоразмдаги «Darital» МЧЖ Россиянинг «Dariy» компанияси билан тайёр пойабзал маҳсулотларини савдо нуқталарига етказиб бериш бўйича келишувга эришди.