Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда юртимиздаги иқтидорли ёш робототехниклар ўртасида “RoboCUP” телевизион мусобақасини эълон қилади.
“RoboCUP” мусобақаси Робо-сумо ҳамда Робо футбол йўналишдан иборат бўлиб, 2 ёш тоифаси ўртасида ўтказилади.
Робо сумо йўналиши ардуино платформасида ясалган, ўзини ўзи бошқарувчи 16 та робот ўртасида ўтказилади. Ушбу йўналишда қатнашиш учун 2 кишидан иборат бўлган жамоа ўз роботини ясаши керак. Мусобақа ғолиблари Хитойда бўлиб ўтадиган Asian Science Camp оромгоҳида қатнашишлари учун йўлланма берилади.
Робо футбол йўналиши Лего конструкторларида ясалган роботлар ўртасида ўтказилади. Мусобақа ғолиблари Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университетига кириш учун 30% қўшимча балларга эга бўлади ҳамда эсдалик совғалари топширилади.
Мусобақага қатнашиш учун барча жамоалар онлайн ариза тўлдиришлари талаб этилади. Аризалар 2019-йилнинг 5-мартига қадар reg.mininnovation.uz сайти орқали қабул қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги расмий сайти.