Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 06/03/2017 Республиканинг энг фаол адолатчи аёли аниқланди
Республиканинг энг фаол адолатчи аёли аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси Марказий аппарати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Кўрик-танловнинг очилишида сўз олганлар томонидан эътироф этилганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, аёлларни хуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг мавқеларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ана шу тарихий ислоҳотларда юртимиз хотин-қизлари ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаравонлигига ва она Ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш; хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олган. Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларни амалга оширилиши натижасида, бугунги кунга келиб партиямиз сафларидаги аъзоларнинг 50 фоизини аёллар ташкил қилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат ва жамият ишларида хотин-қизларнинг иштироки, фаоллигини кучайтириш, аёлларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадида ўтган 2016 йил давомида партиянинг марказий, маҳаллий ва ҳудудий Кенгашлари ташаббуси билан жойларда турли мавзуларга бағишланган 300 га яқин семинар, сиёсий ўқув ва давра суҳбатлари ўтказилган бўлиб, уларда 17 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг иштироки таъминланди.

“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг мақсади ҳам жамиятда аёлларнинг ролини янада кучайтириш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш, партия тизимида оқила ва фаол аёллар сонини кўпайтириш, уларнинг тажрибасини кенг татбиқ қилишдир.

Танловнинг дастлабки туман, шаҳар ва вилоят босқичлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида ўтказилди. Кўрик-танловда турли ёшдаги, ҳар-хил касб ва ҳаётий тажрибага эга 700 га яқин хотин-қизлар иштирок этди. Танлов жараёни маҳаллий матбуот саҳифаларида, телевидение, “Адолат” газетаси ва партиянинг веб-сайтида доимий равишда ёритиб борилди.

Якуний, яъни Республика босқичида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан сайлов асосида очиқ овоз бериш йўли билан шакллантирилган ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини талабчанлик билан баҳоладилар.

Кўрик-танловнинг биринчи шарти бўйича иштирокчилар “Адолат менинг нигоҳимда” номли 5 дақиқалик тақдимот (слайд) асосида партиянинг амалдаги лойиҳаларини янада такомиллаштириш, кенг халқ оммаси орасида партиянинг устувор мақсад-вазифаларини тарғиб қилишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида ўз фикр ва таклифларини баён этдилар.

Иштирокчилар қолган учта шарт бўйича қобилиятларини ҳайъат аъзолари ва томошабинлар олдида намойиш қилишди. Танловда иштирокчилар томонидан партиянинг амалдаги лойиҳалари доирасида қилиниши лозим бўлган вазифалар партия аъзолари ва йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Қатнашчиларнинг фикрича, танловнинг якуний босқичида энг мураккаб бўлган шарт — меърий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги савол-жавоблар, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини демократлаштириш бўйича жорий этилган ислоҳотларга баҳо бериш, деб ҳисобланди.

Эркин мавзу шартини бажаришда ғолибликка номзодлар томошабинлар ҳайрати ва муҳаббатини қозониш мақсадида ўзларини муносиб кўрсата олиш қирралари ҳамда ижодий истеъдодларини намойиш қилишди. Ҳакамлар ҳайъати учун ғолибларни аниқлаш осон бўлмади, сабаби иштирокчиларнинг ҳар бири совриндор бўлишга лойиқ эдилар.

Республиканинг “Энг фаол адолатчи аёли”ини аниқлаш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш иштирокчилардаги ташаббускорлик, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлиги, сиёсий саводхонлик, умумбашарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, амалга оширган лойиҳалари, ҳамкорлик ишлари жамоатчилик томонидан эътироф этилишига оид маълумотларни таҳлил этиш ва баҳолаш асосида амалга оширилди.

Шундай қилиб, кўрик-танловда биринчи ўрин — Самарқанд вилояти иштирокчиси Инобат Ҳасановага, иккинчи ўрин — Тошкент шаҳри иштирокчиси Адолат Худайбергановага ҳамда учинчи ўрин — Сирдарё вилояти иштирокчиси Дилноз Умурзаковага насиб этди. Ғолиблар Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгашининг I, II, III даражали дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шу билан бирга, кўрик-танловнинг қолган барча иштирокчилари ўз иқтидор ва қобилиятларига кўра турли номинациялар бўйича партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Байрамона руҳда ўтган тадбир давомида таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати хабар беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг