Рақобатбардошликни ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2025 йил 21 январь куни бўлиб ўтган мажлисида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л. Қудратовга “Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспортни диверсификация қилиш ва глобал савдо алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган эди.
Унда экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ҳамда инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралганди.
Мажлисда депутатлар мазкур парламент сўровига юборилган жавобни кўриб чиқдилар.
Унда келтирилишича, юртимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда юқори маржали бозорларга чиқиш ва уларга босқичма-босқич экспорт ҳажмини ошириб бориш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, маҳаллий маҳсулотларнинг хорижий мамлакатлар бозорларига экспортини диверсификация қилиш ва савдо тартиботларини енгиллаштириш мақсадида Туркия ва Покистон билан имтиёзли савдо битими имзоланди.
Ушбу Битимлар доирасида Туркияга 12 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, Покистон бозорига 17 турдаги маҳаллий маҳсулотларни имтиёзли савдо тартиби асосида пасайтирилган божхона божлари билан экспорт қилиш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, 2024 йилда Европа Иттифоқининг 6 та давлати ҳамда Туркияга 32 та чарм, озиқ-овқат, мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортчи корхоналари иштирокида бизнес-миссиялар ташкил этилиб, 64,6 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатларига Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқининг “Бош преференциялар тизими плюс” (“GSP+”) бенефициари мақоми олинган. Бугунги кунда Ўзбекистон Буюк Британиянинг “GSP+” тизими бенефициари ҳисобланади.
Ушбу тизим доирасида қўлланадиган имтиёзлар доирасида 6200 дан ортиқ товар позициялари бўйича маҳаллий маҳсулотларни Европанинг 27 та мамлакати ва Британия бозорларига божхона божисиз экспорт қилиш имкониятига эга. Ҳозирда мазкур имкониятлардан фойдаланиш кўлами кенгайтирилмоқда.
Вазир жавобида келтирилишича, сўнгги йилларда республиканинг мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш орқали товар ва хизматлар экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, хорижнинг нуфузли “РWC” компаниясини жалб қилган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг 2025 — 2030 йилларга мўлжалланган миллий экспорт стратегияси” ишлаб чиқилмоқда. Унда жаҳон бозори тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоиздан ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш, маҳсулотларни хорижда кенг тарғиб қилиш ва ташқи бозорлар стандартларига мослаштириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш каби комплекс чораларни кўриш орқали 2030 йилда республиканинг экспорт ҳажмини 45 млрд. долларга етказиш назарда тутилган.
Шунингдек, миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш мақсадида маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнларида халқаро стандартларни жорий этиш ва корхоналарни сертификатлаштириш чоралари кўрилди. Натижада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати йўналишида халқаро стандартлар жорий этилиб, 2024 йил якуни билан ушбу соҳада сертификатлаштирилган корхоналар сони 1 335 тага етказилган.
Мажлисда парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилгани қайд этилиб, вазирнинг жавоби маълумот учун қабул қилинди.