Рақамли технологиялар вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки рақамли иқтисодиёт ва инфратузилма ривожланишини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Осиё тараққиёт банкининг бозорлар ривожланиши ва давлат-хусусий шериклик офиси раҳбари Клео Кававаки ҳамда ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси мамлакат амалиётлари раҳбари Мирзо Искандар Ғуломов билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, ОТБ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва рақамли инфратузилмани модернизация қилиш бўйича масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ташаббуслар, келгуси ривожланиш стратегиялари, солиқ имтиёзлари ҳамда ёш мутахассислар учун юқори маошли технологик иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ахборот технологиялари бўйича таълимни қўллаб-қувватлаш, стартап-ташаббуслар ва рақамли хизматларни мамлакат ҳудудларига кенг ёйиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
ОТБ вакилларига Узинфосом – ягона рақамли технологиялар интегратори томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистоннинг рақамли трансформациясини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.