Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов AIR Media Tech компанияси раҳбари Степан Миҳайлов билан учрашув ўтказди.
Учрашувнинг асосий мақсади “ YouTube” платформаси имкониятлари ва креатив иқтисодиёт соҳасидаги салоҳиятли масалаларни муҳокама қилишдан иборат эди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик имкониятларини аниқлаш, янги рақамли ечимлар яратиш ва Ўзбекистонда креатив саноатни ривожлантириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув аввалида компания фаолияти ҳақида кенгайтирилган тақдимот ўтказилди. Унда компаниянинг глобал миқёсдаги тажрибаси ва “ YouTube” платформасидаги креатив ва бизнес фаолиятни қандай ривожлантириш борасида муваффақиятли стратегиялар тақдим этилди.
Шунингдек, компания креатив иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам катта эътибор бериб, рақамли контент яратиш ва тарқатишда янги ёндашувларни ишлаб чиқиш устида ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистондаги рақамли технологиялар ва ижодий иқтисодиётнинг салоҳиятини ошириш, шунингдек, платформанинг янги ёндашувларни ўрганиш, Ўзбекистонда “ YouTube” каби рақамли платформаларни янада ривожлантириш учун керакли ҳуқуқий ва технологик инфратузилма яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, креатив соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва улар учун рақамли хизматлар яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Рақамли технологияларни соҳаларига ҳам кенг жорий қилиш Ўзбекистонда янги иш ўринлари ва инновацион лойиҳалар яратишга ёрдам бериши таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва креатив иқтисодиёт соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш бўйича келажакдаги режалари ҳақида фикр алмашдилар ҳамда келгусида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун аниқ қадамлар белгиланди.