Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 24/03/2017 Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди
Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз саноат корхона ва компаниялари ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этди.

Мамлакатимизда саноат корхоналарини ташкил этиш, хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, юртимиз экспорт салоҳиятини муттасил ошириш имконини бераётир.

Ўзбекистон саноат маҳсулотлари жаҳон бозорларида мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Мамлакатимиз корхоналарида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш материаллари, юқори технологияли замонавий техника ва бошқа товарлар ишлаб чиқарилмоқда. Халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланаётган ушбу маҳсулотларга хорижий давлатларда талаб катта.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, ўтказилган мазкур саноат кўргазмасида мамлакатимиз тадбиркорлари жамғарма кўмагида Қозоғистонга тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат, мебель ва қурилиш материаллари етказиб бериш бўйича қиймати 24 миллион доллардан зиёд қарийб йигирмага яқин экспорт шартномаси тузган. Кўргазмага келганлар савдо, иқтисодиёт соҳасида мамлакатимиз имконияти ва салоҳияти, бизнес юритиш учун яратилган шароитлар, шунингдек, жамғарманинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолияти ҳамда хизматлари билан таништирилди.

Кўргазмада Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Қозоғистоннинг йирик савдо тармоқлари, уюшма ва компаниялари билан музокаралар ўтказди. Қўшни давлат тадбиркорлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатининг юқорилигини ва мамлакатимиз компаниялари билан узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Хусусан, музокаралар якунлари бўйича Қозоғистоннинг «Агромакс Остона» компанияси билан ушбу давлатда консерваланган палов тайёрлашни ташкил этиш, юртимизда ишлаб чиқарилган қуритилган ва консерваланган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш бўйича келишувларга эришилди. «Дархан Груп» (Қозоғистон) компанияси вакиллари махсус кийим-кечак, қурилиш қўлқоплари, кабель ва бошқа маҳсулотлар сотиб олиш мақсадида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор эканини билдирди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси "Kazakhexport" экспорт суғурта компанияси", "KAZNEX INVEST" экспорт ва импорт миллий агентлиги" акциядорлик жамиятлари, "Мева-сабзавот бирлашмаси" халқаро ассоциацияси ва Қозоғистон савдо корхоналари ассоциацияси билан ўзаро англашув меморандумлари имзолади. Мазкур ҳужжатларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Қозоғистон бозорларига етказиб беришни йўлга қўйиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва уларнинг низом жамғармасида иштирок этиш, лойиҳаларни молиялаштириш, ҳамкорликда бизнес-форумлар, кооперация биржа ва бошқа тадбирлар ўтказиш, кўргазма ҳамда ярмаркаларда қатнашиш, ишончли шериклар топиш, маркетинг тадқиқотлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ташкил этиш орқали Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистонда ўтказилган миллий саноат кўргазмасида тузилган шартномалар ва эришилган келишувлар экспорт ҳажмини янада ошириш ва кўламини кенгайтириш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг