Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, деб хабар беради ЎзА.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар улкан натижалар бераётганини таъкидлади.
Меҳнат муносабатларини тартибга солишда Ўзбекистон Республикаси имзолаган халқаро шартномалар хамда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро меҳнат ташкилотига жаҳоннинг 187 мамлакати аъзо бўлган. Ўзбекистон 1992 йилдан ушбу ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
Давра суҳбатида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва жамоа музокараларига доир стандартларининг мамлакатимизда имплементация қилиниши ҳолатини баҳолаш, хусусан, келажакда бир нечта конвенцияларни ратификация қилиш имкониятларини ўрганиш ҳамда тегишли тавсия ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокома этилди.
– Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 14 конвенцияси, жумладан, 8 асосий конвенцияси ратификация қилинган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Шерзод Қулматов. – Мазкур конвенцияларнинг ратификация қилиниши меҳнат соҳасидаги қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда унинг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш, фуқароларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилиниши миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари талабларини миллий қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш, ратификация қилинган конвенцияларнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан бажарилишига қаратилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.