Қонунчилик палатаси “Банкларни соғломлаштириш va тугатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, банкларнинг иқтисодиёт учун муҳим бўлган вазифалари ва хизматлари узлуксизлигини таъминлаш, омонатчилар ҳамда кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бу орқали молия ва банк тизими барқарорлигини таъминлашда санация воситаларидан самарали фойдаланишга доир ҳуқуқий асослар жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада Марказий банкни банкларни санация қилиш бўйича ваколатли давлат органи сифатида белгилаш ва унга санация қилишга оид ваколатлар берилиши назарда тутиляпти. Шунингдек, банкларни санация қилишда фойдаланиладиган воситалар, санация қилишдан кўзланган асосий мақсадлар, банкларни ихтиёрий ва мажбурий тугатиш бўйича қоидалар белгиланмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар банкларни санация қилиш мақсадлари ва принциплари, санация қилишни молиялаштириш механизмлари, омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, банкларнинг бюджет маблағларига қарамлигини камайтириш, мижозларнинг банк тизимига ишончини ошириш кўзда тутилаётганини ижобий баҳоладилар.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда молиявий барқарорликни сақлаш, банкларнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолмаслик, бундай ҳолат вужудга келганда эса банкларни иқтисодиёт учун муҳим бўлган вазифалари ва хизматлари узлуксизлигини таъминлаш имкониятини беради.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.