Қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан олиб келинган 8,2 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшовчи, 1995 й.т. шахс Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган 896 гр “гашиш” моддасини келгусида сотиш мақсадида Денов тумани ҳудудидаги хуфия жойга яшириш учун олиб бораётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 2 кг 260 гр “опий” моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси, божхона ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Наманган шаҳрида яшовчи, 1987 й.т., муқаддам судланган фуқаро бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 2 кг 990 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, Қирғиз Республикаси фуқароси томонидан айланма йўллар орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига етказиб берилган мазкур гиёҳвандлик воситаси Наманган шаҳрида сотилиши режалаштирилган.
Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Марғилон шаҳрида яшовчи, 1973 й.т. ва Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи, 1971 й.т. икки нафар фуқаро ўзаро жиноий тил бириктириб, Тожикистондан олиб келинган 487 гр “гашиш” моддасини 5000 АҚШ долларига сотган вақтларида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Шунингдек, Тошлоқ туманилик фуқаронинг яшаш хонадонидан 599 гр “гашиш” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур шахслар муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишларига қарамасдан, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
Бу каби қонунбузилиш ҳолати Самарқанд вилоятида ҳам қайд этилиб, хусусан, Ургут туманида яшовчи, 1983 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун бир неча маротаба судланган шахс Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган 982 гр “опий” моддасини ўзининг жиноий шериги бўлган, 1991 й.т. фуқаро билан бирга харидорга 8000 АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.