Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 28/09/2023 Қўқон шаҳрининг ривожланиш имкониятлари қандай?
Қўқон шаҳрининг ривожланиш имкониятлари қандай?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан Қўқон шаҳрининг рақобат устунликлари аниқланди.

Фарғона водийсининг ғарбий қисмида жойлашган Қўқон шаҳри Буюк ипак йўлидаги энг қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шаҳар ХVIII асрда Қўқон хонлигининг пойтахтига айланган ва жаҳон миқёсида шуҳрат қозонган. Шаҳарда қадимдан ҳунармандчилик ривожланган бўлиб, уни ҳунармандлар шаҳри, деб ҳам аташади. 

Фарғона вилояти бўйича энг кўп кичик саноат корхоналари Қўқон шаҳрида жойлашган (1500 дан ортиқ). Хусусан, енгил саноат соҳасида вилоятдаги кичик саноат корхоналарининг 21,4 фоизи, чарм пойабзал-маҳсулотлари саноати корхоналарининг 22,3 фоизи, электр-маиший товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг 24,1 фоизи, дори-дармон саноати корхоналарининг 20,9 фоизи Қўқон шаҳрида фаолият олиб бормоқда.

Хизматлар соҳасининг ривожланиши бўйича ҳам Қўқон шаҳри Фарғона вилояти ҳудудлари орасида етакчи. Сўнгги 5 йилда шаҳарда хизматлар соҳаси 1,8 баробар ўсди ва ҳозир вилоят миқёсида кўрсатилаётган хизматларнинг умумий

ҳажмида Қўқон шаҳрининг ҳиссаси 17 фоиздан ортиқ.

Тарихан Буюк ипак йўлида жойлашган Қўқон бугунги кунда ҳам савдо соҳасида ўз мавқеини сақлаб қолган. Фарғона вилояти ташқи савдосининг 20,6 фоизи, хусусан, экспортининг 22,3 фоизи, импортининг 19,4 фоизи Қўқон шаҳрининг ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, шаҳарда 8 та бозор фаолият юритади. Вилоятдаги чакана савдо товар айланмасининг 18 фоиздан ортиғи Қўқон шаҳрида амалга оширилади.

Хонлик пойтахти сифатида илм-фан ва таълим маркази бўлган Қўқонда бугунги кунда ҳам бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятидаги 11 та олий таълим муассасасидан 4 таси Қўқонда жойлашган бўлиб, уларда вилоятдаги талабаларнинг ¼ қисмидан ортиғи таҳсил олади.

Қўқон шаҳри хорижий ва маҳаллий туристлар учун янада жозибадор масканга айланиб бормоқда. Жумладан, 2021-йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатларининг Туризм масалалари бўйича вазирлари 6-йиғилишида Қўқон шаҳри Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти деб эълон қилинган. Шунингдек, шаҳарда ҳар икки йилда бир марта халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади. 

Рақобат устунликлари таҳлили келажакда Қўқонни ижодий, инновацион иқтисодий ривожланиш бўйича етакчи ҳудуд ва халқаро савдо шаҳрига айлантириш имконияти юқорилигини кўрсатди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг