Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида 11 июль куни Фарғона вилоятига келди.
Мамлакатимизда транспорт инфратузилмаси соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Биргина ҳаво йўллари тармоғида Самарқанд, Термиз, Мўйноқ, Зомин аэропортлари янгиланиб, ишга туширилди. Тошкент ва Урганч халқаро ҳаво портлари таъмирланмоқда, “Тошкент-Шарқий” қайта қурилмоқда.
Жорий йил март ойида Қўқон аэропорти ҳам янгидан очилган эди. Бугун Ўзбекистон Президентининг самолёти илк бор бу ерга қўнди.
Мазкур аэропорт 1977 йилда қурилган бўлиб, яқин йўналишларга парвозлар амалга оширилган. Кейинчалик фақат ҳарбий ҳаво кучлари томонидан фойдаланилган. Модернизация натижасида ушбу аэропорт орқали яна фуқаро авиацияси парвозлари йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Аэропортда 100 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги қопламаси таъмирланган. Замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилган. Бу ишлар натижасида аэропорт А 320-200 ва ATR 72-600 русумли самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Президентимиз энди бу аэропорт халқимизга манфаат келтириши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун нарх ва хизматларни одамларга қулай қилиб, парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ички туризм имкониятларидан фойдаланиш яхши самара бериши, халқаро рейсларни ҳам йўлга қўйиш мумкинлиги қайд этилди.