Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш бўйича халқаро лойиҳа жорий этилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазирлик масъуллари ҳамда Жанубий Кореянинг "TG Co.,Ltd" компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва янги лойиҳани жорий этиш борасида муҳокамалар олиб борилди.
Мулоқот давомида "Тошкент вилоятида иқлим ўзгаришига жавоб берувчи фазовий маълумотларга асосланган рақамли қишлоқ хўжалиги платформасини яратиш" халқаро гранд лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки тақдимот ўтказилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги ерлари маълумотларини рақамлаштириш орқали самарали бошқарувни йўлга қўйиш, иқлим ўзгаришига мослашиш учун геоахборот тизимлари ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда экин майдонларини мониторинг қилиш, ҳосилдорликни ошириш, зараркунандалар ва касалликларнинг олдини олиш каби жараёнларни башорат қилишдан иборат.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Тошкент вилоятида фазовий маълумотларга асосланган рақамли қишлоқ хўжалиги платформаси концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги хизматлари билан боғлиқ қонунчилик базаси ва ахборот тизимлари бўйича тадқиқотлар олиб борилади.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, икки давлат мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда семинар-тренинглар ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани белгиланган режага мувофиқ амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.