Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 07/12/2022 Қишлоқ хўжалигида барқарор жадал ўсишга эришиш борасида дунё тажрибаси
Қишлоқ хўжалигида барқарор жадал ўсишга эришиш борасида дунё тажрибаси

Аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган ислоҳотларнинг устовор йўналишларини аниқлаш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида миллий иқтисодиётни жадаллик билан ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалигини фаол ривожлантириш ва фан ютуқларини қўллаш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда йилига камида 5 фоиз ўсишни таъминлаш ва шу орқали деҳқон ва фермерларнинг даромадларини камида 2 маротаба ошириш ўрта муддатли истиқболда мазкур устувор йўналиш доирасидаги асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган.

Мазкур тадқиқотда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда узоқ муддат мобайнида жадал ривожланишга эриша олган мамлакатлар мисол сифатида келтирилади. Мамлакатларни саралашда қуйидаги мезонлар асос қилиб олинди: қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда камида 5 йил давомида камида 5 фоиз ўсишга эришиш; қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги киши бошига камида 7806,8 АҚШ долларини ташкил этиши ; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етарлича кенг кўламда ишлаб чиқариш (қишлоқ хўжалигидаги қўшилган қиймат 5 миллиард АҚШ доллардан кам бўлмаслиги лозим. Пировардида, ўтказилган халқаро статистика таҳлили асосида 4 та мамлакат (Чили, Корея Республикаси, Нидерландия, Саудия Арабистони) ва уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш энг жадал ривожланган даврлар аниқланди.

II.Хориж тажрибаси

Чили

(1984-1998 йиллар)

1973-йилда ҳокимият тепасига генерал Аугусто Пиночет келгач, ҳарбий ҳукумат деҳқонлар ҳаракати ва уларнинг турли хил ташкилотларини аёвсиз бостирди ва шу тариқа улар асосан 1965-йилдан сўнг эришган аксарият ижтимоий ва сиёсий ютуқлар йўққа чиқарилди. Генерал Пиночетнинг неолиберал сиёсати Лотин Америкасида янгилик бўлди. Аграр сиёсатнинг ўзи тўлиғича мақсади Чили иқтисодиётини эркинлаштириш ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялаш бўлган

асосий макроиқтисодий стратегияга бўйсундирилди. 

Аксилислоҳотлар, ислоҳ этилаётган соҳалар ва давлат агросаноат корхоналарининг хусусийлаштирилиши, тарифли тўсиқларнинг кескин пасайтирилиши, айрим ҳолатларда бекор қилиниши ва бошқа протекционистик чоралар, иқтисодий ҳаётнинг деярли барча йўналишларида давлат ролининг чекланиши ўша даврдаги аграр сиёсатнинг фарқланиб турувчи жиҳатлари эди. 

Чилидаги неолиберал ўзгаришларни икки даврга ажратиш мумкин. Биринчи давр, яъни “догматик неолиберализм” 1982-1983 йиллардаги инқирозга қадар давом этди. Қишлоқ хўжалиги бу босқичда жуда беқарор эди, бироқ неолиберал сиёсатнинг муҳим унсурлари амалга оширилди. Кейинги даврни “прагматик неолиберализм” деб аташ мумкин ва у ҳарбий бошқарувнинг охирига қадар давом этди. Иккинчи даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш кескин ошди ва қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди. 

Чилида “прагматик неолиберал давр” 1984-1989 йиллар оралиғига тўғри келади. гарчи капиталистик қишлоқ хўжалиги сектори фойдасига бўлсада, қишлоқ хўжалигининг анъанавий тармоқларига нисбатан бефарқ муносабат тўғриланди. Озиқ-овқат экинлари учун ер майдонлари қисман бўлсада қайта тикланди, бироқ энг муҳими, ҳосилдорлик ошди. Аммо деҳқонларда бундай ҳосилдорликка эришиш учун техник имконият ҳам, молиявий маблағ ҳам йўқ эди.

Шундай қилиб, 1973 йилдан сўнг илк бора қишлоқ хўжалиги олдида ўзига хос муаммолар борлигини тан олувчи аграр сиёсат шаклланди.

Янги сиёсат шок типидаги иқтисодий чора-тадбирлардан воз кечди ва капиталистик фермалар ва “фаолиятини давом эттира олади” деб ҳисобланган деҳқон хўжаликларини модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш орқали ишлаб чиқаришни аста-секин ўзгартиришга интилди. “Асосий, бир йиллик ёки анъанавий экинлар” масаласида маълум даражада протекционизмни таклиф этган бир қатор чора-тадбирлар қабул қилинди. Тарифли тўсиқларнинг кўтарилиши, янги йўлаклар ёки энг паст нархлар диапазонининг белгиланиши шулар жумласидандир. Ҳукумат, шунингдек, айрим турдаги маҳсулотларнинг минимал нархларини ушлаб турувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун давлат фондини таъсис этди ва шу орқали фермерлар даромадини оширишни чора-тадбирларини ишлаб чиқди . Қайтадан ташкил этилган техник ёрдам дастурлари, айниқса, “фаолиятини давом эттира олади” деб ҳисобланган деҳқон хўжаликлари учун янгича муносабатлардан дарак берарди. Бундан кўзланган мақсад анъанавий қишлоқ хўжалиги тармоғини рақобатбардош қилиб, ҳосилдорликни оширишга эришиш эди. Бироқ, экспортни рағбатлантирувчи макроиқтисодий сиёсат ўзгармасдан қолди. Бу эса агро-ўрмончилик маҳсулотлари экспортининг жадал ривожланишига имкон берди. “Ишлаб чиқаришнинг қиёсий харажатлари” асосида экспортга йўналтирилган тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ўринда гап, масалан, мамлакат ички эҳтиёжлар учун ғалла тақчиллигини сезса, агар унинг нархи барибир жаҳон бозоридагидан юқори бўлса, давлат уни ишлаб чиқариш учун дотация ажратмаслиги ҳақида бормоқда. Шу билан бирга таннархи дунёдаги ўртача кўрсаткичдан пастроқ бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга кўмаклашган яхшироқ. шу тарзда Чили Пиночет бошқаруви даврида жаҳон бозорига томат пастаси, сарҳил ва музлатилган мевалар, шарбатлар концентрати, балиқ уни етказиб берувчи йирик мамлакатга айланди. Чили бир неча ўн йил ичида дунёда ёғоч етказиб берувчи 10 та йирик мамлакат қаторидан ишонч билан жой олди. Бунда Чили ўрмонларининг вахшийларча йўқ қилиниши рўй бермади. Ёғоч тайёрлайдиган хусусий компаниялар 10 гектар жойдаги кесилган дарахт учун 12 гектар ерга янги кўчатлар ўтқазиш мажбуриятини оларди. Давлат ушбу қоидага риоя этилишини қаттиқ назорат остига олди. Шу билан бирга тадбиркорларга кўчат ўтқазиш учун кетган харажатларнинг тўртдан уч қисмини қайтариб берди.

 Асосан анъанавий маҳсулотларни етиштирувчи ёки чорвачилик билан шуғулланувчи фермалар “яшил инқилоб” технологияларини илк бора кенг кўламда қўллади ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширди . 

Қўшимча: 

“Яшил инқилоб” ёки “Учинчи аграр инқилоб” – ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ хўжалигида 1940-1970 йилларда рўй берган ва дунёда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши сезиларли даражада ортишига олиб келган ўзгаришлар мажмуасидир. У ўз ичига

ўсимликларнинг нисбатан сермаҳсул навлари яратилиши ва ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши, суғоришнинг кенгайтирилиши, ўғитлар, пестицидлар, замонавий техниканинг қўлланилишини ўз ичига олади.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилишнинг “енгил даври” айнан шу йилларга тўғри келади. гарчи чекланган бўлсада, протекционистик чора-тадбирлар миллий иқтисодиётни қайта тиклаши баробарида заифлашиб қолган анъанавий қишлоқ хўжалиги тармоғига янги ҳаёт бахш этди. Ушбу чора-тадбирлар унинг модернизация қилиниши ва яшаб қолишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатди.

Бирорта ҳам амалдор энди фермерга қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида буйруқ бериш имконига эга эмасди. Шу боис ҳам чорвачилик ва қанд лавлаги ишлаб чиқариш сезиларли даражада қайта тикланди ва ривожланди. 

Неолиберализм ва неоструктурализм (1990-2002). 

Бу давр 1990-йилда демократик йўл билан сайланган ҳукумат (“Консертасьон”) нинг ҳокимият тепасига келиши билан бошланди. Бу даврдаги иқтисодий сиёсатни “ўзгартирилгна мерос сиёсат” ёки “инсоний қиёфага эга бўлган неолиберализм” дея характерлаш мумкин. Хўш, 1989-йилдан кейинги аграр сиёсат Пиночет даври сиёсатидан нимаси билан фарқ қилади? Биринчидан, қўллаб-қувватлаш бўлмасада, капиталистлар синфи билан келишувга эришиш мақсадида макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш ва хорижий инвестициялар учун янада қулай муҳитни яратиш сиёсати олиб борилди. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга нисбатан жиддий эътибор сақланиб қолди. Янги ҳукумат экспорт ҳажми ортиб бораётган шароитда уни хавф остида қолдириши мумкин бўлган қандайдир йирик иқтисодий ва ижтимоий ташаббусларни унчалик ҳам истамай қабул қилди. Қишлоқ ишчилари учун мақбул бўлган касаба уюшмалари қонунчилигини бунга мисол сифатида келтириш мумкин. Учинчидан, Чилининг халқаро бозордаги иштироки сақлаб қолиниши ва хатто кучайтирилиши мерос сиёсатнинг яна бир жиҳатидир. 1996-йилда Чили Жанубий Америка мамлакатларининг умумий бозори бўлган МЕРКОСУР га қўшилгач, халқаро рақобат янада кучайди. Бу айниқса, анъанавий ўсимликшунослик ва чорвачилик хўжаликлари тармоғида сезиларли бўлди. Чили, шунингдек, Эркин савдо тўғрисида Шимолий Америка битими – НАФТА га аъзо бўлишга ҳам эришди. Бу ҳам Чилининг қишлоқ хўжалигига нисбатан рақобат таъсирини кучайтирди.

 

Корея Республикаси (1971-1977 йиллар)

Янги жамоа ёки “Сэмаильундон” қишлоғи учун ҳаракат ўтган асрнинг 70-йилларида Жанубий Кореяда иқтисодий стратегиянинг муҳим бир қисмига айланди. Хусусий-деҳқон, фермер хўжаликлари фойдасига феодал-заминдор ер эгалигининг йўқ қилинишига олиб келган аввалги аграр ислоҳот гарчи аграр муносабатларда сезиларли илгари силжиш бўлган эсада, мамлакатдаги аҳолининг учдан икки қисми яшайдиган қишлоқларнинг қолоқлигини бартараф эта олмади. Мамлакатни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда аграр тармоқнинг ҳиссаси муттасил камайиб борарди. Жадал саноатлашиш аҳолининг катта қисмини шаҳарларга жалб қилгани боис қишлоқ ҳудудлари зарур ишчи кучисиз қолиб кетаётганди. 

Ҳукумат қишлоқлар билан боғлиқ муаммони зудлик билан ҳал этиш ва уларни замонавий даражага кўтариш мақсадида учта дастакни бирлаштириш зарур, деган хулосага келди. Булар: бозор механизмлари, давлат кредитлари ва деҳқонларнинг анъанавий қадриятлари бўлган бирдамлик ҳамда бир-бирига кзмак бериш эди. Ҳукумат судхўрлик қарзларидан кечади, харид нархларини сезиларли даражада оширади, яхши ҳосил берувчи уруғлик ва ўғитларни имтиёзли шартлар асосида етказиб беради. Қишлоқ йўлларини яхшилашдан тортиб, суғориш иншоотларини қуришгача бўлган жамоат аҳамиятига эга лойиҳаларга тобора кўпроқ аҳамият берилади.

Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари ва каттагина молиявий маблағ сарфланишига қарамасдан, 33 267 та қишлоқнинг фақат 16 мингтаси, яъни тахминан ярмида сезиларли силжиш кузатилди. Шундан сўнг ҳукумат “кадрлар инқилоби”ни амалга оширишга қарор қилади. Сувон шаҳрида давлат бюджети ҳисобидан Янги қишлоқ раҳбарлари академияси сифатида ҳам машҳур бўлган Ҳаракат етакчиларини тайёрлаш бўйича институт ташкил этилади. Асосан ёш деҳқон-фаоллар, шунингдек, қишлоқлардан чиққан собиқ ҳарбий хизматчилардан иборат тингловчилар қисқа муддатда қишлоқ меҳнати, кооперация, давлатнинг иқтисодий сиёсати бўйича дастурларни ўзлаштирди. Ўқув машғулотлари якунига етганидан сўнг битирувчилар қишлоқ маъмурияти раҳбари лавозимига тайинланди. Аграр малакани ошириш курсларида кўплар, шу жумладан амалдорлар ва вазирларгача қатнашди. 

Гарчи “Сэмаильундон” ҳаракати кам ерли деҳқончилик билан боғлиқ кескин муаммони буткул ҳал эта олмаган бўлсада, ислоҳотлар барибир аграр тармоқда қатор ютуқларга эришилишига олиб келди. “Яшил инқилоб”, меҳнатнинг механизациялаштирилиши деҳқонлар кооперацияси ва бир –бирига кўмакнинг турли анъанавий шаклларини янги бир даражага кўтарди. Агар 1965-йилда деҳқон оиласининг ўртача даромади 423 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 1971-йилга келиб бу кўрсаткич 1025 долларга, 1977-йилга келиб эса 2960 долларга етди.

Ҳукуматнинг оилавий фермерларни қўллаб-қувватлаши натижасида Жанубий Кореяда ҳосилдорлик сезиларли даражада ошди. Шоли етиштириш ўртача 3 тоннадан (50-йилларнинг ўрталари) 5,3 тоннага (70-йилларнинг ўрталари) ошди. 

Жанубий Корея қишлоқ хўжалиги амалга оширилган ислоҳотлар туфайли мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига сезиларли даражада кўмак берди:

•мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотлари импортига жиддий қарам бўлиб қолиш эҳтимолини бартараф этди;

•саноат қабул қилиш учун тайёр бўлгунига қадар жуда кўплаб одамларни иш билан таъминлади;

•давлат томонидан субсидия ажратилувчи харидлар орқали шаҳар ишчиларини арзон озиқ-овқат билан таъминлади;

•кореялик саноатчиларнинг дастлабки маҳсулотлари учун каттагина ички талабни юзага келтирди .

Нидерландия (1970-1982 йиллар)

Иккинчи жаҳон уруши якунига етганидан сўнг Нидерландия қишлоқ хўжалиги доимий ўзгаришлар жараёнини бошдан кечирди. Янги технологик ишланмалар ва таълимнинг яхшиланиши қишлоқ иқтисодиётининг жадал ривожланишига олиб келди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги ерга ишлов беришнинг машаққатли аралаш тизимидан юқори даражада ихтисослашган интенсив тизимга айланди. Кенг кўламли жадаллаштириш ва механизациялаштириш натижасида ҳосилдорликнинг ўсиши 1950-йилдан 1970-йилларнинг ўрталарига қадар айниқса юқори бўлди. Шу даврда қишлоқ хўжалигида меҳнат сарфи деярли 600 минг кишидан 300 минг киши-йилгача қисқарди. Қишлоқ хўжалигидан ишчи кучининг кетиб қолиши эндигига вужудга келган ва ишчи кучига талаб юқори бўлган саноат тармоғи томонидан осонгина қабул қилинди. Асосан Жанубий Европа давлатларидан (масалан, Италия, Испания ва Грециядан) меҳнат муҳожирларининг биринчи тўлқини келиши шундан далолат беради. 

Янги тизим чўчқа, қорамол ва парранда гўшти етиштиришни максимал даражада ошириш учун тўлиқ ишлаб чиқилди. Голландия қишлоқ хўжалигини жадаллаштириш ва модернизация қилиш жараёни тахминан 1960-йилда академик доираларда "мустақил қишлоқ хўжалиги фермалари" (footloose agricultural farms)

сифатида маълум бўлган фермаларнинг ташкил этилиши билан бошланди.

Янги турдаги фермаларнинг ташкил этилиши Нидерландияда сут чорвачилигининг кенгайиши билан бир вақтга тўғри келади. Голландия Сут чорвачилиги кенгашининг маълумотларига кўра, бу соҳа 1960-йилдан кейин жадал ривожлана бошлаган. Гарчи сут фермалари сони кескин қисқарган бўлса-да, соатига ва гектарига сут ишлаб чиқариш, айниқса, 1985-йилгача сезиларли даражада ошди (Европа ҳамжамияти сут ишлаб чиқаришни назорат қилиш учун 1984-йилда сут квотаси тизимини жорий қилди). Натижада, 1960-йиллардан бошлаб, Нидерландия сут маҳсулотларининг асосий экспортчисига айланди ва мамлакатда ишлаб чиқарилган сутнинг қарийб 60 фоизини чет элга сота бошлади. 

1960–1980 йиллар ҳар бир фермер хўжалигида сут ишлаб чиқаришнинг тез ўсиши билан тавсифланади. Бу ҳолат меҳнат унумдорлигининг кескин ўсиши билан бирга кечди. Бу ўзгаришлар асосан ишлаб чиқариш технологиясининг яхшиланиши (сутни совитиш цистерналарининг жорий этилиши, пичандан ўт силосига ўтиш, маккажўхори билан озиқлантириш, юқори концентратли озиқлантириш) билан боғлиқ бўлиб, улар Нидерландия ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги сиёсати ва кейинчалик Европа ҳамжамиятининг сиёсати билан рағбатлантирилди. Натижада, Европа ҳамжамиятида сут ишлаб чиқариш 1970-йилларда тез суръатлар билан ўсди. Ўзини-ўзи таъминлаш 100% дан кўпроққа ошди.

Майдоннинг ортиши, айниқса, қишлоқ хўжалигидаги бир ишчига тўғри келадиган майдоннинг ортиши Нидерландияда 1950-йилдан сўнг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги энг муҳим таркибий ўзгариш бўлди. Майдонларни кенгайтириш ва механизация ўртасида чамбарчас боғлиқлик бор: механизациясиз хўжаликда майдонни кўпайтиришнинг иложи йўқ, бироқ фақат механизациялашнинг ўзи этарли эмас. Бир фермер хўжалиги одатда бошқа фермер хўжаликлари ҳисобига кенгайтирилади. Натижада, майдони 30 гектардан ортиқ (боғдорчилик хўжаликлари бундан мустасно) бўлган фермер хўжаликларининг улуши 1970-йилда 9,3% ни, 1980-йилда эса 16% дан ортиқни ташкил этди. Майдони 10 гектардан кам бўлган фермер хўжаликларининг улуши 1970-йилда 36,5 фоизни, 1980 йилда 29,8 фоизни ташкил этган (таққослаш учун 1950-йилда бу кўрсаткич 61,7 фоизни ташкил этган). Экин майдонларига келсак, 1980-йилда 30 гектардан ортиқ майдонга эга бўлган фермер хўжаликларининг улуши 11,8 фоиз пунктга ошди ва 39,1% ни ташкил этди. Майдони 10 гектардан кам бўлган фермер хўжаликларининг улуши 1970-йилда 14,4 фоизни, 1980-йилда эса 9,1 фоизни ташкил этди. 1980-йилда асосий хўжаликларнинг ўртача ҳажми деярли 19 гектарни ташкил этди. Бу 1970-йилдагига нисбатан 3,1 гектарга, 1950-йилдагига нисбатан эса 7,6 гектарга кўпдир. Чорвачилик фермер хўжаликлари ҳажми бўйича ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Масалан, 1980-йилда 30 дан ортиқ соғин сигири бор фермер хўжаликларининг салмоғи 69 фоизни ташкил этди. Бу 1970-йилдагига нисбатан 2,2 баробар, 1960-йилдагига нисбатан 4,6 баробар кўп демакдир.

Нидерландия қишлоқ хўжалигидаги муҳим таркибий ўзгариш фермер хўжаликларининг ҳудудий ихтисослашувга асосланган ихтисослашуви бўлди. 1980-йилга келиб, мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг учта асосий географик зонаси тўлиқ шаклланди:

- Боғдорчиликка, айниқса гулчиликка ихтисослашган қирғоқ бўйидаги ғарбий белбоғ;

- Марказий белбоғ – сут ишлаб чиқариш белбоғи. Бу ҳудудда соғин сигирлар, шунингдек, қорамол ва бузоқлар тўпланган;

- Жануби-Шарқий белбоғ сут чорвачилиги, хусусан чўчқачилик ва паррандачилик билан бирга интенсив чорвачиликка ихтисослашган.

Агар 1950-1980 йиллардаги ихтисослашувни акс эттирувчи кўрсаткич сифатида хўжаликлар умумий сонидаги аралаш хўжаликлар улуши ҳисобга олинса, 1980-йилда фермер хўжаликларининг умумий сонидаги аралаш хўжаликларнинг улуши 5% дан кам бўлган. Бу 1965-йилдагига нисбатан қарийб икки баравар кам. Бу эса 70-йилларнинг охирида барча фермаларнинг

95% дан ортиғини айнан ихтисослашган фермер хўжаликлари ташкил этганини англатади . 

 Саудия Арабистони (1971-1977 йиллар ва 1980-1992 йиллар)

Ўтган асрнинг 70-йилларида Форс кўрфази мамлакатларида кенг кўламли миллий қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ташкил этилди. Бу даврда нефтдан келадиган даромаднинг тез ўсиши минтақада ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларга олиб келди. Урбанизация, аҳоли сонининг ўсиши, истеъмол ва майда фермер хўжаликларининг касодга учраши озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг ошишига олиб келди. Озиқ-овқат импортига қарамликни камайтириш учун Саудия Арабистони ва БАА каби давлатлар ер ва субсидиялар ҳисобига рағбатлантириладиган ички ишлаб чиқариш дастурини бошлади.

1970-йиллар Саудия Арабистонида қишлоқ хўжалиги жадал ривожлана

бошлади. Мамлакат ҳукумати замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини ривожлантириш, қишлоқ йўллари, суғориш тармоқлари, сақлаш ва экспорт иншоотларини қуриш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўп томонлама дастурни ишга туширди.

Дастур аввалида интенсив сут, гўшт, паррандачилик хўжаликларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шундай қилиб, 1985-йилга келиб, маҳаллий фермер хўжаликлари илгари импорт қилинган кўплаб маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёжни қондира бошлади.

Саудия Арабистонининг бутун дунёда зўр таассурот қолдирган қишлоқ хўжалигидаги ажойиб ютуғи бу унинг буғдой импорт қилувчи мамлакатдан

экспорт қилувчи мамлакатга айланиши эди. Мамлакатда буғдой етиштириш 1970-йилларда анча ортди, бироқ унинг катта қисми ҳамон импорт қилинарди. 1980-йилларда ғалла ҳосилини ошиш кескин ортди. 1978-йилда мамлакатда биринчи дон омборлари қурилди. Ҳукумат 1980-йилда

мамлакатда етиштириладиган буғдойнинг бушели учун 28 доллар (тахминан 1,32 доллар/кг ёки 1320 доллар/тонна) маблағ ажратди. Бу жуда катта маблағ эди. Ҳукумат, айниқса, қишлоқларда иқтисодиётни диверсификация қилишни хоҳлар ва буғдой билан ўзини ўзи таъминлаш ишнинг яхши бошланиши бўлди, деган қарорга келди. Ўзини-ўзи ғалла билан таъминлаш эҳтимол тутилган эмбарголар ёки жаҳонда ғалла нархининг ошишидан ҳимояланиш, деб ҳисобланган. Буғдой ишлаб чиқариш 1982-йилда 7,3 миллион бушелга (198,7 минг тонна) ўсди ва 1980-йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўпайди. 1983-йилда яна деярли икки баравар ошди. Аслида, Саудия Арабистони 1983-йилда буғдой билан ўзини ўзи таъминлай бошлади ва шунинг учун ҳукумат буғдой нархини 28 доллардан 14,40 долларга туширди. Аммо 14,40 доллар бўлса ҳам, буғдой етиштириш жуда фойдали эди. Ишлаб чиқариш ўсишда давом этди ва 1985-йилда 73,6 миллион бушел (2 миллион тонна) ва 1989-йилда 114 миллион бушелга (3,1 миллион тонна) етди. Бу ўн йиллик бошидагига нисбатан 15 баравар кўп эди . Бундай катта ўсиш умуман олганда ажабланарли эмас. Бундай юқори нархларда қишлоқ хўжалиги ишчилари энг яхши нарсаларни сотиб олишлари мумкин эди: уруғлар, тракторлар, комбайнлар, суғориш тизимлари. Улар, шунингдек, Ғарбдан тажрибали қишлоқ хўжалиги мутахассисларини ёллай олишди. Дарҳақиқат, Саудия буғдойининг кўп қисми аслида чет эллик мутахассислар "қўшини" томонидан ишлаб чиқарилади.

1984-йилга келиб, Қироллик ўзини буғдой билан тўлиқ таъминлай бошлади. Орадан кўп ўтмай, Саудия Арабистони 30 га яқин давлатга буғдой экспорт қила бошлади. Асосий ишлаб чиқариш ҳудудлари - Табук, Хаиль ва Қосимда акрига ўртача 3,6 тонна (тахминан гектарига 89 центнер)

ҳосилдорликка эришилди. 1992-йилда Саудия Арабистонида рекорд даражада кўп, аниқроғи 4,1 миллион тонна буғдой етиштирилди.

Бироқ, бу сиёсат вақт ўтиши билан ўзгарди. Экин экиладиган ерлар кўп. Қишлоқ хўжалигидаги асосий муаммо бу - сув тақчиллиги эди. Саудия Арабистони чўл мамлакати бўлиб, унда дарёлар ва кўллар йўқ, ёғингарчилик жуда кам. Сув ер қаъридан олинади.

III. Хулоса ва тавсиялар

Кўриб чиқилган мамлакатларнинг ҳар бири турли йўллар билан қишлоқ хўжалигининг барқарор ўсишида муваффақиятга эришди. Бироқ, ушбу мамлакатларда амалга оширилган ишлар орасида бошқа кўплаб мамлакатлар тажрибасида ўзини муваффақиятли жиҳатлари билан намоён эта олган қуйидаги чора-тадбирларни ажратиб кўрсатиш мақсадга мувофиқ:

- савдони либераллаштириш ва халқаро ва минтақавий савдо битимларига қўшилиш, тариф тўсиқларини камайтириш (ёки бекор қилиш) ва бошқа протекционистик чоралар;

- қишлоқ хўжалигида давлат ролини чеклаш;

- “ишлаб чиқаришдаги қиёсий харажатлар” асосида анъанавий эмас, балки рақобатбардош экспорт тармоқларини қўллаб-қувватлаш;

- қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш;

- қишлоқ хўжалиги кадрларининг малакасини ошириш (қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан тортиб, мансабдор шахсларгача);

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг йириклашиши “кўлам эффекти” ҳисобига ҳосилдорликнинг ўсишига олиб келади;

- қишлоқ аҳолисининг даромадларини ва уларнинг томорқасини шахсий томорқалар ҳисобига сақлаш зарурати туфайли фермер хўжаликларини бирлаштиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади;

- иқлим шароити ва қиёсий устунликларни ҳисобга олган ҳолда аграр тармоқда ҳудудий ихтисослашувни ривожлантириш.

 Д.Ильина,

ПМТИ лойиҳа раҳбари

А.Ким,

ПМТИ катта илмий ходими

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг