Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини баҳолашнинг услубий асосларини такомиллаштиришга оид илмий ёндашувларни таҳлил қилди.
1992-йилда Атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича Рио декларацияси қабул қилиниши билан ишлаб чиқаришни интенсивлаштириш ва табиий ҳолатни сақлаб қолиш ўртасида мувозанатни таъминлашга эътибор кучайди. Ресурсларни баҳолашда ҳисобга олиш зарур бўлган табиий омиллар ва индикаторлар доираси кенгайди.
Ерни баҳолашнинг услубий асосларини такомиллаштиришдаги энг фаол давр ўтган асрнинг 60-70 йилларига тўғри келади. Бу даврда АҚШда ерни баҳолашнинг учта тоифага эга ер унумдорлиги таснифи қўлланилган: ер унумдорлиги синфлари (ернинг унумдорлиги бонитет балига ажратилади), кичик синфлар (ердан фойдаланишга қараб бир нечта ер турларига ажратилади) ва бирликлар (юқоридаги икки тизимни ўзида жамлаб, қиймат берилади).
ХХ асрнинг 70-йилларида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан тавсия этилган усулга кўра, ҳар бир баҳолаш кўрсаткичи маълум балл (рейтинг) олади ва умумий баллар сонининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади (LUI - ердан фойдаланиш интенсивлиги индекси).
Тупроқ бонитировкаси участканинг турли хил сифат кўрсаткичларини 100 балли шкала бўйича мос ёзувлар билан таққослаш орқали амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги ерларини баҳолаш - бу ернинг бозор нархини ёки маълум ер участкасини ижарага беришнинг бозор қийматини ҳисоблашдан иборат.
Қишлоқ хўжалиги ерларини баҳолашда агроиқлим шароитларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Жумладан, мамлакатимизда вегетация даврининг узоқ ва қисқалигига қараб, жанубий ҳудудларда бир мавсумда уч марта, шимолий ҳудудларда эса бир марта экин экилади. Шу сабабли, баҳолашда йиллик ёғингарчилик миқдори ҳамда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати ("Ўзгидромет" маълумотлари) кўрсаткичларидан фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунда қишлоқ ерларининг норматив қиймати Вазирлар Маҳкамасининг 2014-йил 18-августдаги
235-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ қуйидаги формула орқали ҳисобланади:
Npsk = Nu × Srk, бунда:
Npsk — 1 га қишлоқ хўжалиги экинларининг норматив унумдорлиги, минг сўм;
Nu — қишлоқ хўжалиги экинларининг норматив ҳосилдорлиги, ц/га;
Srk — деҳқон бозорларида сотиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тегишли турига ўртача йиллик нарх, минг сўм/ц, пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг харид нархи минг сўм/ц;
Ушбу низомда норматив қийматни ҳисоблаш, аниқлашда айрим маълумотлар манбасининг йўқлиги ва жараённинг мураккаблиги бир контурда жойлашган, бир хил бонитет бали ва сув таъминотига эга бўлган, бир хил турдаги маҳсулот етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли ерларнинг норматив қиймати ҳар хил бўлишига олиб келмоқда.
Замонавий иқтисодиётда ер иқтисодий баҳолашнинг энг қийин объектларидан бири бўлиб, бу қуйидаги сабабларга боғлиқ:
- қишлоқ хўжалиги ерларининг ўзига хос хусусиятлари;
- норматив-ҳуқуқий базанинг ривожланмаганлиги.
Ўзбекистондаги баҳолаш амалиёти шуни кўрсатадики, ер учун объектив бозор баҳосининг шаклланмаганлиги ердан самарасиз фойдаланилишига олиб келмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ерларини баҳолашда, яъни норматив қийматини ҳисоблашда қуйидагиларни эътиборга олиш ва амалиётида қўллаш тавсия этилади:
- тупроқ унумдорлигини тавсифловчи кўрсаткичларнинг ягона коэффициентини (тупроқ бонитет бали индекси кўринишида 0,1 дан 1 гача);
- ҳудуд агроиқлим кўрсаткичларининг жамланма коэффициентини (0,1 дан (қониқарсиз) 1 гача (қониқарли));
- истеъмол бозоридан яқин ёки узоқлиги ва инфратузилма кўрсаткичларининг жамланма коэффициентини;
- экинни суғориш учун муҳим бўлган сув билан таъминланганлик даражаси кўрсаткичини ( 0,1 дан 1 гача).
- қишлоқ хўжалиги ерларини комплекс баҳолаш тизимини яратиш учун маълумотлар базасини шакллантиришни.