Қирғизистондан наркотик моддалар олиб келиб, сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1984–1991 йиллар оралиғида туғилган 6 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, қирғизистонлик наркосавдогардан 2 кг “гашиш” моддасини 15.000 АҚШ долларига сотиб олишга келишишади ва ушбу мақсадда 1950 АҚШ долларини бошланғич бадал сифатида унга етказиб беришади.
🇺🇿🇰🇬Ўз навбатида Қирғиз Республикаси фуқароси гиёҳвандлик воситасини ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб, Хонобод шаҳридаги хуфия жойда қолдиради.
Қўрғонтепалик оғуфурушлардан бири эса ушбу заҳри қотилни олиб, ўзининг автомашинасида Хонобод-Қўрғонтепа йўналишида ҳаракатланаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, жиноий гуруҳнинг қолган 5 нафар аъзоси ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу “гашиш” гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 1 кг 954 гр.ни ташкил қилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.