Кўтарингки, байрамона руҳда ташкил этилган танловда дастлаб, иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқарган экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларининг кўргазмасини намойиш этдилар. Кўргазма давомида иштирокчилар ҳакамлар ва қатнашчиларга ишлаб чиқарган маҳсулотлари, тадбиркорлик фаолиятлари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Сўнг танлов қатнашчилари иштирокида анжуман ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар воҳада хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорликка йўналтириш борасида қилинаётган ишлар уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминланаётганлигини алоҳида таъкидлашди.
Хусусан, бугун вилоятда 15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, улардан 3 мингга яқини хотин-қизлардир. Вилоятда аёллар тадбиркорлигига берилаётган катта эътибор натижасида жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида 759 нафар хотин-қизларга тадбиркорликни ривожлантириш учун 30 млрд. 226 млн. сўм миқдорида кредит ажратилиб, 469 та янги иш ўринлари яратилди.
Қашқадарёлик тадбиркор, қўли гул ҳунарманд, ишбилармон аёллари учун ташкил этилган мазкур танлов доирасида ўтказилган тадбирларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини хотин-қизларга етказиш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш, тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар аниқлаш ва уларнинг ечимига қаратилган амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
- Касб-ҳунар коллежини тамомлаб, бундан уч йил муқаддам чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигини ташкил этдим, - дейди “Сахий чўпон даласи” фермер хўжалиги раиси Нодира Бердиева. - Кейинчалик пахтачилик ва ғаллачилик билан ҳам шуғуллана бошладим. Ҳозирда 90 гектар ер майдонимиз бор. Бундан ташқари, бир кеча-кундузда 1 тонна қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган цех ҳам ташкил этиб, 20 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаганман. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига ўзига хос туҳфа сифатида 10 та янги иш ўринига эга бўлган сутни қайта ишлаш цехини ишга тушириш арафасидамиз. “Ишбилармон аёл” кўрик – танлови мен учун бир кашфиёт бўлди. Воҳадаги барча ишбилармон аёллар билан тажриба алмашдик, ўзимизни қийнаб келаётган муаммоларни ечиш усулларини ишлаб чиқдик. Бундай кўрик танловлар тадбиркор аёллар сафини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, танлов давомида иштирокчилар хотин-қизлар учун қўшимча ишчи ўрни яратишга мўлжалланган бизнес-режаларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ҳар бир шарт бўйича олиб борилган баҳолаш мезонларига мувофиқ мубораклик “Сахий чўпон даласи” фермер хўжалиги раҳбари Нодира Бердиева биринчи, китоблик ҳунарманд Азиза Муродова иккинчи, Қарши шаҳридаги “Лола жаҳон маликаси” МЧЖ раиси Мавлуда Юлдошева учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Кўрик-танлов ғолиби ва фаол иштирокчилари партиянинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати.