Валюта курслари 14/03/2025
$1 – 12938.11
UZS – 0.14%
€1 – 14076.66
UZS – -0.18%
₽1 – 149.99
UZS – 0.31%
Қидириш
Иқтисод 13/03/2025 Президентимиз Ўзбекистон билан Франция ишбилармонлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди

Президентимиз Ўзбекистон билан Франция ишбилармонлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Париж шаҳрига ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари 2018 ва 2022 йилларда ушбу мамлакатга расмий ташрифлари ҳамда 2023 йилги Самарқанд саммитида ҳам Франция тадбиркорлари билан учрашган эди.

Бугунги форум ана шу очиқ ва конструктив мулоқотнинг давоми бўлди. Бу галги учрашув унда Ўзбекистоннинг хусусий компаниялари раҳбарлари ва вакиллари ҳам иштирок этгани билан ажралиб туради.

Тадбирда Франциянинг ташқи савдо ва хориждаги француз фуқаролари ишлари бўйича вазир-делегати Лоран Сен-Мартен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу, "MEDEF International" раҳбари - "Orano Mining" компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен, шунингдек, икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 60 дан ортиқ раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Франция бизнеси томонидан SUEZ, Veolia, Total, EDF, Voltalia, Orano, Meridiam, Saint-Gobain, Imerys, Natixis, Societe Generale, BPI France, Airbus, MND, Eiffage, Schneider Electric, Total Energies, Alstom, Technip Energies, Egis, ADP Group, Ellipse Projects, Assystem, АТR ва бошқа компаниялар қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Франция Президенти Эммануэль Макрон билан ўтган самарали музокараларни юксак баҳолаб, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

Учрашувнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон-Франция муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш ҳақида тарихий қарор қабул қилинди.

Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда икки мамлакат етакчи компаниялари муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

Франция ишбилармон доиралари вакилларига Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирилди.

Жорий йил январь ойида "MEDEF" таркибидаги йирик компаниялар раҳбарларининг Тошкент шаҳрига ташрифи натижалари юксак баҳоланди.

Франция компаниялари билан мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Ушбу мамлакат инвестицияларини фаол жалб этиш ва илғор технологияларни жорий этиш, Франция корхоналарининг ечимлари, тўпланган катта тажриба ва билимларини қўллашдан Ўзбекистон манфаатдор.

Ўзбекистон Президенти Франция билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ва саноат кооперацияси дастури бунга хизмат қилади. Унга умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган аниқ йўналиш ва лойиҳалар киритилган.

Дастурни амалга ошириш доирасида Франциянинг етакчи банк ва молия ташкилотларини фаол жалб қилган ҳолда бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситалари кенг жорий этилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари муҳим минерал ресурсларнинг истиқболли конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқаларни Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтди.

Энергетикада энергия ишлаб чиқариш ва сақлаш қувватларини кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудларида сув хўжалиги, коммунал, туризм, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамкорликни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга.

- Икки мамлакат компаниялари иштирокидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш мақсадида доимий фаолият юритадиган Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этишни таклиф қиламан. Биз томондан унга Ўзбекистон Бош вазири раҳбарлик қилади. Биринчи учрашувни июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказишимиз мумкин. Барчангизни ташкил этилаётган кенгашнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида бўлажак тадбирда фаол иштирок этишга таклиф этаман, - деди давлатимиз раҳбари.

Ўз навбатида, Франция ишбилармон доиралари вакиллари ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклиф ва режаларини баён қилди.

Давлатимиз раҳбари ишбилармон доиралар вакилларига муваффақиятлар тилаб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Ўзбекистон Ҳукумати томонидан тасдиқланадиган "йўл хариталари" асосида эришилган келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг