Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 22/12/2021 Президент янги фабрика қурилишини бориб кўрди
Президент янги фабрика қурилишини бориб кўрди

Давлат раҳбари Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Ушбу иншоотга жорий йил 29 июль куни тамал тоши қўйилган эди. Бугунги кунда 107 гектар майдонда фабриканинг пойдевор қисми қурилмоқда.

Бу лойиҳанинг қиймати 2 миллиард доллар бўлиб, бугунги кунда 861 миллион доллар ўзлаштирилган. Лойиҳалаштириш ишларига Италиянинг “Wood” ҳамда лойиҳани техник жиҳатдан баҳолаш ва қабул қилишга Буюк Британиянинг “Technip Energies” компаниялари жалб қилинган.

Дирекция бинолари ва қурувчилар учун шаҳарча фойдаланишга топширилган бўлиб, яна бир шаҳарча қурилиши давом этмоқда.

Яна бир муҳим томони, харажатларни камайтириш мақсадида фабрика ёнида металл конструкциялар заводи барпо этилмоқда.

Янги фабрикада руда омборлари, майдалаш, янчиш ва флотация бинолари, гидрометаллургия цехи, таъмирлаш устахоналари, чиқинди хўжалиги ва бошқа объектлар бўлади. Иш жараёни замонавий ускуналар ёрдамида бошқарилади. Бу, инсон омилини камайтириб, маҳсулот сифати ва иш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги қурилиш ишларини жадаллаштириб, 2023 йил якунига қадар ишга тушириш бўйича тавсиялар берди.

Шу ердаги шаҳарчада Олмалиқ кон-металлургия комбинатини 2030 йилгача ривожлантиришга доир режалар муҳокама қилинди

Комбинатнинг JORC кодекси бўйича баҳоланган мис ресурслари 45 миллион тоннани, олтин ресурлари эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Бунга асосланиб, 2030 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 515 минг тоннага, олтинни 52 тоннага, кумушни 343 тоннага олиб чиқиш бўйича концепция тайёрланган. Бунинг эвазига комбинатнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Аввало, комбинатни трансформация қилиш доирасида бошқарув, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларини рақамлаштириш, операцион самарадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.

- Энг асосийси, келгуси икки йилда комбинатда замонавий бошқарув тизимини жорий этиб, уни давлат ёрдамисиз ишлай оладиган, дунёнинг етакчи металлургия компанияларидан бирига айлантириш  асосий вазифа бўлиши керак, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари 3-мис бойитиш фабрикасини қуриш билан параллел равишда 4-фабрикани ҳам лойиҳалаштириш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг натижасида рудани қайта ишлаш ҳажми 160 миллион тоннага етиб, 3 мартага кўпайиши мумкин.

Йиғилишда мис кластери ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Бугунги кунда мисни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 76 миллион долларлик 22 та лойиҳа шакллантирилган.

Шунингдек, Президентимизнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи чоғида Тошкент вилоятида Яримўтказгичлар ва электроника кластерини ташкил этишга келишилган.

Давлатимиз раҳбари шу борадаги ишларни жадаллаштириб, электр техникаси, энергетика, автомобиль саноати учун талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди.

- Комбинатни, албатта, зўр қиламиз. Лекин аввало одамлар рози бўлиши керак. Уйи яхши, суви чучук, электри ўчмайдиган, иши даромадли бўлиши лозим. Бунинг учун маҳаллада қандай муаммолар борлигини, уларни ҳал қилиб, одамларга шароит яратиш учун нима кераклигини сизлар айтишингиз зарур. Шунинг учун очиқ мулоқот қилсак, фойдали бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳоким ёрдамчилари ўзлари масъул бўлган маҳаллада ишсизликни камайтириш, тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш, ёшларни спортга жалб этиш бўйича режаларини сўзлаб берди. Давлатимиз раҳбари уларга ишонч билдириб, таклифларини қўллаб-қувватлади.

 

  

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг