Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 27/05/2024 Президент Халқ қабулхонаси жойларда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминламоқда
Президент Халқ қабулхонаси жойларда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминламоқда

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси ўринбосари - Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини таьминлаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Президент Халқ қабулхонасининг «Мурожаатдан даромадга» лойиҳаси доирасида Хоразм вилоятининг Хазорасп, Шовот, Тупроққалъа ҳамда Янгибозор туманларида яшовчи деярли 400 нафар мурожаатчи аёлларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Мурожаатлар Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда ўрганилиб, уларни ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Масалан, Тупроққалъа туманида Президент Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатлар асосида 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи 115 нафар хотин-қизларга мақсадли равишда беш юз миллион сўм молиявий ёрдам ажратилди. Шулардан, 113 нафар ишсиз аёлларга замонавий тикув машиналари харид қилиниб, кооперация асосида етакчи 10 нафар тадбиркорга бириктирилди. Шу орқали уларга тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш, доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун имконият яратилди. Икки нафар эҳтиёжманд аёлларга гўзаллик салони жиҳозлари олиб берилди.

Тупроққалъа туманидаги «Саидлар» МФЙда истиқомат қилувчи 6 нафар ишсиз хотин-қизларга тикув машиналари олиб берилиб, тикувчилик хунари билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Ёрқиной Раззоқовага бириктирилди. Хусусан, Шайдо Худойберганованинг доимий даромад манбаи бўлмаган. Эндиликда унинг ҳам бандлиги таъминланди.

Туманнинг «Соёпир» МФЙда яшовчи Дилрабо Исмоилова ва у билан бирга яна 11 нафар хотин-қизларга ажратилган тикув машиналари уларни бандлигини таьминлашга хизмат қилди.

Гулруҳ Шарипова, Насиба Собировалар ҳам шу пайтгача ишсизликдан қийналиб келаётган эдилар. Чевар бўлишга иштиёқи бору, аммо тикув машинаси олишга имконияти бўлмаган бу аёллар ҳам энди тажрибали тадбиркор, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини экспортга йўналтираётган Норжон Искандаровага кооперация асосида фаолият юритиш учун бириктириб берилди. 

Шу ўринда айтиш лозимки, Тупроққалъа туманининг энг олис ҳудуди ҳисобланган «Саримой» МФЙдан 20 нафар, «Навбаҳор» МФЙдан 14 нафар, банд бўлмаган хотин-қизларга шу зайлда тикув машиналари берилиб, жами, 34 нафарини иш билан таьминлашга эришилди.

Замира Болтаева боқувчисини йўқотган ижтимоиий ҳимояга муҳтож аёллардан бири. У Президент Халқ қабулхонасига ишлаб даромад топиш истаги борлигини билдириб, бу борада амалий кўмак сўраган эди. Мурожаати қаноатлантирилиб, янги тикув машинаси ажратилди ҳамда маҳалласидаги чевар Дунё Бойжоновага бириктириб берилди.

Шу каби 13 нафар ишсиз хотин-қизларга тикув машинаси ажратилди. Энди улар ҳам доимий даромадга эришиши учун ҳаракат қила бошладилар.
Янгибозор туманида ҳам Президент Халқ қабулхонасининг ушбу хайрли ташаббуси орқали 30 та маҳалладан 113 нафар хотин-қизлар доимий даромад топиш имкониятига эга бўлдилар. Уларнинг 35 нафари миграциядан қайтганлар, 48 нафари "Аёллар дафтари"га киритилганлар, 14 нафари "Ёшлар дафтари"га киритилган, 16 нафари ижтимоий ҳимояга мухтож аёллар. Улар катта тажрибага эга бўлган 31 нафар тадбиркор аёлларга кооперация асосида бириктирилди.

Янгибозор туманининг "Дўстлик" МФЙда яшовчи Қирмизи Масилова ҳам бандлик масаласида мурожаат қилганларнинг бири. Ўрганишларда унинг
оилавий аҳволи оғир эканлиги маълум бўлгач, тикувчиликка ўқуви борлигини инобатга олиб, тикув машинаси берилди. Бу имконият яна 2 нафар аёлларга берилиб, улар ҳам тадбиркор Шодия Қўшжоновага бириктирилди.

"Мурожаатдан даромадга” лойиҳасининг дастлабки босқичида бандлиги таъминланмаган оғир шароитдаги хотин-қизларни кооперация асосида ишлаб даромад топишларига имконият яратилган бўлса, кейинчалик улар орасидан тадбиркорликка
қобилияти борлари ўз оилавий корхонасини ташкил этилишига ёрдам берилади. Халқ билан мулоқотнинг янги тизими шу механизм асосида босқичма-босқич кенгайтириб борилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг