"Халқаро молия институтларининг кредитлари, айниқса, лойиҳалар буюртмачилари бўлмиш Республика йўл жамғармаси ва «Ўзкоммунхизмат» агентлиги томонидан самарасиз ишлатилмоқда. Чунки уларнинг фаолиятида тизим, назорат ва масъулият йўқ.
Лойиҳаларни экспертиза қилиш ва тендерларни ўтказиш бюрократлашиб кетгани энг асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини экспертиза қилиш агентлиги ташкил этилганидан кейин ҳам сезиларли ўзгариш ва натижалар йўқ. Агентлик раҳбари Ш.Ҳошимовда ташаббус етишмайди.
Ушбу масалага доир ҳукуматнинг 110-қарори ишламасдан, таъбир жоиз бўлса, жойида тошдек қотиб қолган ва ўн йилдан буён қайта кўриб чиқилгани йўқ. Бундан экспертиза органларининг айрим қўли эгри раҳбарлари ва мутахассислари усталик билан нопок мақсадларда фойдаланмоқда.
Сиздан, Галина Каримовна, 15 кун муддатда ушбу қарорга ўзгартиш киритиш бўйича таклиф киритишни сўрайман.
Маҳаллий ҳокимларнинг айби билан мамлакатимиз ҳудудларига хорижий инвестицияларни жалб этиш ўта қониқарсиз аҳволда қолмоқда.
Биргина мисол келтираман. Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё вилоятларида атиги 18 та лойиҳани амалга оширишга 55 миллион доллар ёки ҳар бир лойиҳага ўртача 3 миллион доллардан хорижий инвестиция жалб этилган.
Ана шу ҳудудларнинг саноати ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мамлакат Президенти томонидан тасдиқланган махсус дастурлар амалга оширилаётган бир шароитда бу албатта етарли эмас.
Шунинг учун вилоят ҳокимлари ҳар чорак якунига кўра тижорат банклари билан биргаликда хорижий инвестицияларни олиб кириш бўйича ишларнинг қандай аҳволда экани тўғрисида шахсан Президентга ахборотнома киритади. Буни Давлат маслаҳатчиси У.Исмоилов алоҳида назоратга олсин", - деди Президент.