Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида юксак ишончга сазовор бўлиб, Сенат аъзоси этиб сайланганларни самимий муборакбод этди. Сенаторлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз учун тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт яратиш йўлида бор билим ва тажрибасини, куч ва салоҳиятини ишга солишига умид билдирди.
Сайловлар натижасида бешинчи чақириқ Сенатнинг таркиби сифат жиҳатидан юқори даражада – кўплаб етакчи соҳа ва тармоқлар вакиллари, таниқли сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан ва маданият намояндаларидан иборат бўлиб шакллангани таъкидланди.
Сенаторларнинг ҳар 3 нафаридан бири илмий даражага эга. Қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари хотин-қизлар экани оила, оналик ва болалик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, ижтимоий масалалар бўйича қонунчилик фаолияти ҳамда парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар маҳаллий кенгашлар фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб бераётгани таъкидланди.
Янги сайланган маҳаллий кенгашлар таркиби ва мақомига кўра олдинги ҳолатдан мутлақо фарқ қилади. Уларнинг таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 3 мингдан ортиқ юртдошларимиз илк бор депутат бўлгани ҳам шундан далолат беради.
Айниқса, кенгашларда аёл депутатлар улуши 32 фоизга етгани, 30 ёшгача бўлган депутатлар сони 3,5 карра ошгани Сенат фаолиятини эндиликда янгича ёндашув ва қарашлар асосида ташкил этишда муҳим роль ўйнайди.
Турли минтақалардаги қонли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқлим ўзгаришлари, иқтисодий инқирозлар, терроризм ва экстремизм таҳдидлари, қочоқлар муаммолари тобора кучайиб бормоқда.
Мана шундай таҳликали вазиятда фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша олишимиз таъкидланди.
Маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар ана шу ўткир ҳақиқатни, ўз зиммаларидаги улкан масъулиятни чуқур англаб иш олиб боришига ишонч билдирилди.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган улуғвор вазифаларни амалга оширишда юқори палатанинг аввалги таркиби муносиб ҳисса қўшгани таъкидланди.
Айниқса, аёллар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларида Сенат алоҳида фаоллик кўрсатди.
Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилди, ижро органларига 1 минг 300 та сўров киритилди.
Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етди.
Сенат Осиё хотин-қизлар форуми, Марказий Осиё давлатлари парламентлараро форуми каби йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилди. Парламентлараро Иттифоқнинг 150- ассамблеяси, яъни юбилей анжумани келгуси йили пойтахтимизда ўтказилиши ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Сенатда давлатлараро келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш бўйича илк бор ижобий амалиёт йўлга қўйилгани таъкидланди.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди.
Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди.
Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди.
Илгари сенаторлар назорат тадбирларида ёки сайловчилар билан учрашувларда қонунларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ваколатга эга эмас эди. Янгиланган Конституцияда Сенатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилиши билан масала ўз ечимини топди.
Президент янги сайланган сенаторларимиз энди бу жараёнларда фаол бўлишига ишонч билдирди.
Юқори палата ўз фаолиятида тўлиқ ишга солиши мумкин бўлган имконият ва йўналишларга тўхталиб ўтилди.
Конституцияда Сенат ҳудудий вакиллик палатаси экани белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, олдинги чақириқда Сенат маҳаллий кенгашлар билан мулоқот ва ҳамкорлик борасида фақат дастлабки қадамларни қўйди.
Масалан, маҳаллий кенгашлар 15 дан ортиқ масалалар бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлса-да, уларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш бўйича ягона тартиб ҳалигача ишлаб чиқилмаган.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгашларнинг энг яхши тажрибаларини бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш, намунали кенгашларни эътироф этиш ҳам йўлга қўйилса, ишнинг самараси янада ошиши таъкидланди.
Асосий қонунимизга мувофиқ, Сенат 10 дан зиёд юқори мартабали мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитади. Лекин, ҳисоботлар кўп ҳолларда чуқур таҳлиллар ўтказмасдан кўриб чиқилаётгани қайд этилди.
Президент Сенат олдида қандай долзарб вазифалар тургани юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Янгиланган Конституциямизда Сенат билан Қонунчилик палатаси ваколатларидаги такрорий ҳолатлар бартараф этилиб, уларнинг ҳар бирига тегишли вазифалар аниқ кўрсатилди.
Сенат қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
Энди халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилади. Президентимиз ушбу сиёсий ислоҳот орқали халқимизнинг 30 йиллик орзуси рўёбга чиққанини таъкидлади.
Бу йил ҳокимларнинг 33 та ваколати кенгашларга олиб берилди, яна 17 та ваколатни ўтказиш режа қилинган. Мисол учун, ичимлик суви тарифига устама, давлат объектлари ва бозорларда ижара тўловлари каби жами 7 турдаги маҳаллий йиғимлар миқдорини тасдиқлаш ваколати ҳам маҳаллий кенгашларга ўтказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, кенгаш сўрови ва кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади.
Маҳаллий кенгашлар томонидан ҳар ярим йилда қилинган ишлар бўйича матбуот анжуманлари ўтказиш амалиёти йўлга қўйилса, бу уларнинг фаолиятида ошкоралик ва ҳисобдорликни кучайтириши кўрсатиб ўтилди.
Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси мамлакатимизда давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат беради.
Ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари ҳисобга олинмаган қонунлар қуйи бўғинда самарали ишламаслиги боис, Давлатимиз раҳбари Қонунларни парламент қўмиталарида кўриб чиқишда вазирлик ва идоралар вакиллари билан эмас, балки маҳаллий кенгашлар депутатлари билан кўпроқ иш олиб борилса, адолатдан бўлишини таъкидлади.
Энг муҳими, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш лозим.
Янгиланган Конституция талаби асосида маҳаллий кенгашлар яқинда ҳокимларни лавозимга тасдиқлашда уларнинг ҳудудни ривожлантиришга оид дастурларини илк бор кўриб чиқиб, маъқуллади.
Халқимиз депутатлардан бу дастурлардаги вазифалар ижроси бўйича депутатлик ва кенгаш назоратини амалга оширишда фаол ва ташаббускор бўлишни кутмоқда.
2025 йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш режалаштирилган. Бу орқали маҳаллий кенгашларнинг ушбу соҳадаги роли янада ортади.
Натижада 2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари даромади 9,4 трлн сўмга ёки 47 фоизга ошади.
Бу ислоҳотлар туман ва шаҳарлар ўз ҳудудидаги муаммоларни мустақил ҳал этиш имкониятини тубдан ошириш баробарида кенгашлардан яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қийнаётган масалалар ечими бўйича асосли ташаббусларни илгари суришни ҳам тақозо этади.
Сенат эса бу йўналишларда маҳаллий кенгашлар фаолиятини тизимли таҳлил қилиб, уларга кўмаклашиб бориши зарур.
Янгиланган Конституцияда Сенатга маҳаллий кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича катта масъулият юклатилган.
Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу кенгашлар 34 минг 400 та қарор қабул қилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу қанчалик муҳим вазифа экани яққол аён бўлади.
Сенат бу борада очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиши кераклиги таъкидланди.
Сенат қўмиталари – юқори палатанинг юраги, ҳаракатлантирувчи кучидир. Ҳар бир қўмита жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан ўтган беш йил давомида ўртача 37 тадан назорат-таҳлил тадбири ўтказган.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида катта дастурлар амалга оширилмоқда.
Тўрт йил аввал 23 фоиз аҳолимизнинг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмас эди. Ўтган даврда 3,5 миллион фуқаро учун даромад олиш имконияти яратилиб, камбағалликни 11 фоизга туширишга эришилди. Келгуси уч йилда уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида келгуси йили бюджетдан 500 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, янги йилдан 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлар, 50 га яқин имтиёзларни ўзида мужассам этадиган ягона “Ижтимоий карта” тизими йўлга қўйилади.
Даромади ва соғлиғини йўқотиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш кўлами босқичма-босқич кенгайтирилади. Бунинг учун “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги қонун қабул қилинади.
Сўнгги беш йилда “Коррупциянинг мавжуд эмаслиги” кўрсаткичида Ўзбекистон 23 поғона юқори кўтарилиб, 2023 йилда 140 та мамлакат орасида 66-ўринни эгаллади ва Марказий Осиё минтақасида бу йўналишда сезиларли ижобий кўрсаткични намойиш этди.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини баҳолаш бўйича “Очиқлик индекси” жорий этилди.
Бироқ, бу борада ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам етарли экани таъкидланди.
Ўтган йили коррупцияга оид жиноятлар 12 фоизга камайган бўлса-да, 6 минг 500 нафар шахс коррупцияда айбланиб, жавобгарликка тортилган.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент назоратини, бутун жамиятимиз иштирокини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Президент Сенатни аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, ёш авлод онгига қонунга ҳурмат, тўғрилик ва ҳалол меҳнат тушунчаларини сингдириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирди.
Лекин назорат тадбирлари кутилган натижа бераяптими, улардан кейин жойларда аниқ бир муаммо ўз ечимини топаяптими, деган савол сенаторларни ўйлантириши керак.
Шу боис, қўмиталардаги эшитув институти асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш вақти келгани таъкидланди.
Сенат томонидан Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини сайлаш тизими йўлга қўйилгани суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Сенатнинг ушбу конституциявий ваколати фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланиб қолмаслиги кераклиги таъкидланди.
Юқори палата қўмиталарида номзодларнинг фаолияти билан танишиш ва баҳо бериш, улар ҳақида хулоса бериш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, судьяларнинг мақоми ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини, суд тизимини молиялаштириш учун маблағлар ажратишда ушбу ҳамжамиятнинг иштирок этиш кафолатларини алоҳида қонунлар билан белгилайдиган вақт келгани қайд этилди.